"Халқимиз барча нарсадан адолатни устун қўяди": Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг самарқандлик сайловчилар билан учрашуви бошланди

“Адолат” социал-демократик партияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб кўрсатилган Баҳром Абдуҳалимов Каттақўрғон шаҳар драма театрида видеоконференцалоқа тарзида Самарқанд вилояти сайловчилари билан учрашув ўтказмоқда.

Учрашувда депутатлар, партия фаоллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуроний ва ёшлар иштирок этмоқда.

Номзоднинг Самарқанд вилоятидаги ишончли вакили М.Бобобекова сайловчиларни Б.Абдуҳалимовнинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Президентликка номзод учрашув қатнашчиларини Сайловолди дастурининг асосий йўналишлари билан таништирди.

– Инсон ҳамиша адолат сари интилади, – деди Б.Абдуҳалимов. – Адолат тамойили асрлар давомида ота-боболаримиз ҳаётий фалсафасининг ўзаги бўлиб келган. Зеро, адолат ақидаси ҳар қандай жамиятнинг мустаҳкам маънавий-ҳуқуқий пойдевори ҳисобланади. Халқимиз барча нарсадан устун қўядиган адолат ақидасини ҳаётимизда янада кенг қарор топтириш энг бирламчи вазифамиздир. Адолат ҳукм сурган жамиятда тинчлик, бағрикенглик ҳукм суради, халқнинг давлат сиёсатига бўлган ишонч-эътиқоди ортади, фуқароларнинг Ватан келажагига дахлдорлик туйғуси юксалади.

Номзод жамиятимиз ривожида хотин-қизларнинг иштироки масаласига алоҳида тўхталиб, юртимизда аёлга эҳтиром кўрсатиш — миллатга, юртга, эртанги кунимизга, келажак авлодимизга эҳтиром кўрсатишнинг бош мезонига айланганлигини таъкидлади.