Халқнинг дарди, карьера ва мен...

Бугун жамиятимизда энг кўп тош қайси қатламга отиляпти? Ҳокимларга ва депутатларга! Ҳокимларни қўя турайлик. Улар шубҳасиз, ҳокимият, яъни ДАВЛАТ. Ҳукумат ва халқ ўртасида ҳар қандай жамиятда тушунмовчилик бўлиши табиий. Депутатлар эса назарий жиҳатдан ХАЛҚ.

Хўп, нега халқ ўзига ўзи тош отяпти?!

Бунинг минглаб сабабларини келтиришдан наф йўқ. Қисқа қилиб айтганда, бизнинг жамиятда депутат халқнинг вакили бўлолмаяпти. Камчиликни кўриб, англаб турган бўлса-да депутатнинг ишлагиси йўқ. Ишлайман, деганлар депутат бўлолмаяпти, ишламайдиганлар текинга ишлашни истамаяпти (шаҳар, туман, вилоят кенгаши депутатлари мисолида).

Қонунчилик палатаси депутатлиги бу бошқа масала. Аммо фикримиз шу ҳақда.

Қонунчилик палатасига сайланган депутатнинг имтиёз ва имкониятлари етарли. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас аслида.

Масала шундаки, Қонунчилик палатаси депутатлари ичида ҳам саноқлиларинигина таниймиз. Уч-тўрт нафари ФАОЛ ва жамиятда, қонунчиликдаги масалаларга лоқайд эмас.

Шу кунларда Қонунчилик палатасига 71-Қоратепа сайлов округидан номзоди кўрсатилган Ғолиб Ҳасанов сайловчилар билан учрашяпти. Энди тасаввур қилинг, халқ шу пайтгача сайлаган депутатларига ишонмай турган бир пайтда, “Бизга овоз беринг!” дейишга кимнинг ҳадди сиғади? Бу камида юзсизлик. Уяти бор одам учун бу оғир ҳолат.

Халқ айтяпти: 

– Биз сайласак, шу билан сизни беш йилдан кейин кўрамизми?

– Сизга овоз берсак, қишлоғимиз мактаби дастурга кирадими, боғча қуриладими?

– Муаммомизни ЮҚОРИГА етказа оласизми ўзи?

Англашиладики, халқ номзоднинг ваъдасини олмоқчи. Янаям имкон беришни истаяпти. Ишонгиси келяпти. Буни англаган бўлажак депутат таъбир жоиз бўлса, халқнинг овози қарзга берилаётганини тушуниши лозим, албатта.

Шу ўринда бир савол. Ўзаро бир-бирини шилтага ботираётган, гўштини ейишга тайёр номзодлар бу ҳақда ўйлаб кўряптимикан? Наҳотки, улар халқнинг одами, вакили бўлишга шунчалик ишқибоз? Наҳотки, одамларнинг муаммоларини ҳал қилиб бераман, фидойилик қиламан, деган ўйда бўлсалар?.. Умид қиламизки, яхши маош, беш йил тайин бўлган иш ва обрў умидида кетмаяпти бу курашлар!

Хўш, бу одам номзодини Қонунчилик палатасига нега қўйди? Олдиндаги талабни қанчалик ҳис қиляпти? Эртага “иссиққина” хонада ўтирадими ёки ваъдаси ҳақида ўйлайдими? Йўл-йўлакай мулоқотимизда Ғолиб Ҳасановнинг фикрларини хулосаладим:

– Рости, одамлар билан гаплашганим сари бу йўлда одимлаш осон эмаслигини англаяпман, – дейди у. – Яширмайман, сиёсий карьерага қизиқаман. Аммо беш йил кўз очиб юмгунча ўтиб кетади. Назаримда, ҳозирги суҳбатларимиз, одамларнинг олдида қандай гапираётганимиз эмас, кейинги беш йил ҳақиқий имтиҳон бўлади. Ўша муддатда одамларнинг истагини амалга ошира оламизми? Халқ вакилига айлана оламизми – муаммо шунда.

Тан олишим керак, журналистик фаолиятимни бошлаганимга йигирма йилга яқинлашса-да, ҳали одамлар билан бунчалик чуқур мулоқотга киришмагандим. Чунки журналист муаммони эшитади, ёзади ва ижросини бошқалардан кутади. Бу учрашувларда журналистмасман. Муаммога ечим излашим керак, масъулиятни бўйнимга олишим лозим. Эртага вазият қандай бўлишидан қатъий назар учрашувлар менинг фойдамга хизмат қиляпти. Ўзим учун ўнлаб йўналишлар белгилаб олдим, материаллар тўплаяпман. Эртага бу журналист сифатида ҳам сўзимнинг салмоғини белгилайди, деб ўйлайман.

Дарҳақиқат, ўтириб ёзадиган журналист бор, хонадан чиқмай қонун ҳақида гапирувчи депутат бор. Афсуски, бу тоифаларнинг икковидан ҳам халқ наф кўрмайди. Улар наинки, давлатга обрў олиб келади, балки одамларнинг ишончини йўқотиш орқали бор имкониятларни ҳам йўққа чиқаради. Депутат халқ вакили, шу билан бирга давлат одами бўлсин. Ҳамма гап ана шу вазиятда олтин ўрталиқни топишда. Ҳам халқ, ҳам давлат манфаати учун хизмат қила олишда.

Исомиддин ПЎЛАТОВ.