Хазонни ёқиш қандай оқибатларга олиб келади?
Атмосфера — ер куррасини ўраб турган ҳимоя қатлами. У тирик организмларларни турли ультрабинафша нурлар ва зарарлардан сақлайди. Тириклигимиз, тоза ҳаво олишимиз ҳам шу қатлам туфайли. Атмосфера – ер ва бошқа фазовий жисмларнинг газсимон қобиғи бўлиб, ер юзасида асосан азот (78 фоиз), кислород (20,95 фоиз), аргон (0,93 фоиз), сув буғи (0,2-2,6 фоиз), карбонат ангидрид газидан (0,03 фоиз) иборат. Хазонни ёқиш — ана шу ҳимоя қатлами учун энг катта хатарлардан бири.
Афсуски, ёз бўйи яшиллик бериб турган шох-шабба, қуриган баргларни тозаликка эришиш учун куз келиши билан тўплаб ёқишни бошлаймиз. Натижада баргларда тўпланган заҳарли газлар яна атмосферага чиқади. Кўпинча хазон билан бирга пластик идишлар, полиэтилен пакетлар ҳам қўшиб ёқилади ва натижада ўзига хос “заҳарли коктейл” пайдо бўлади.
Қуриган барглар ёқилганда ҳосил бўладиган тутундан минглаб одамлар нафас олиб соғлиғини хавф остига қўяди. Биринчи навбатда инсоннинг ўпка тизими зарарланади. Заҳарли моддалар қон орқали бутун танага тарқаб, буйрак, жигар, бош мия ва нерв системасига катта зарар етказади. Атмосфера ҳар хил механик газларнинг аралашмасидан иборат бўлгани учун бир тонна барг хазони ёқилганда 30 килограмм углеводород оксиди атмосфера ҳавосини зарарлайди.
Вилоят экология, табиатни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси маълумотига кўра, бир тонна қуриган барг ёнганда ҳавога 9 килограмгача тутун микрочастицалари ажралади. Бу микрочастицалар таркибида чанг, азот оксиди, ис гази, оғир металлар ҳамда инсон учун энг хавфли моддалардан – диоксин ва диоксан киради. Бу заҳарли моддалар инсон организмига тушгач иммун тизимини зарарлайди, гормон ва витаминлар фаолиятини издан чиқаради.
Шунингдек қуриган майса ва баргларни ёқиш натижасида тупроқ қатламининг фойлали микроорганизмлари – ёмғир чувалчанглари, майда ҳашаротлар нобуд бўлади.
Қонунчиликка кўра, атмосферани муҳофаза қилиш талабларини бузганлик учун, сомон, хазон ва шох-шаббалар, ўсимлик қолдиқларини ёқиб атмосфера ҳавосини зарарли моддалар билан ифлослантирган фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробаридан беш баробаригача, мансабдор шахсларга, беш баробаридан ўн баробаригача жарима солинади.
Хўш, унда барглардан қандай халос бўлиш мумкин?
Кузда дарахтлардан тўкиладиган сарғайган баргларни ерга кўмиб қўйилса, келгуси баҳор учун фойдали ўғитга айланади. Йиғилган баргларни қопларга солиб қиш давомида кутилса, улар чириб компосга айланади. Тажрибали боғбонлар кузда махсус чуқурлаб қазиб, тўкилган баргларни шу чуқурларга кўмиб, устидан тупроқ тортишади. Баҳорда чуқур усти очилиб, тайёр бўлган чириндидан дарахтларга ўғит сифатида фойдаланишади.