ХДП халқ билан, халқ учун: Самарқандда партиянинг 34 йиллиги нишонланди
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ЎзХДП) ташкил этилган кун - партиянинг 34 йиллиги муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда партиянинг вилоят кенгаши масъул ходимлари, туман ва шаҳар кенгашлари раислари, ХДПдан сайланган вилоят халқ депутатлари Кенгаши аъзолари, партиянинг фахрий фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Дастлаб, ХДП вилоят кенгаши раиси Бадриддин Насриев партиянинг 34 йиллик тарихи, унинг мамлакатимизда демократик ислоҳотларни амалга ошириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва халқ манфаатларини ҳимоя қилишдаги ўрни ҳақида гапирди.
Шунингдек, тадбирда ХДП Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг қарорига биноан, 10 нафар партия фаоли “Ўзбекистон Халқ демократик партияси ифтихори” кўкрак нишони билан тақдирланди. Бир гуруҳ фаолларга эса вилоят кенгашининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари топширилди.
– Халқ демократик партияси катта қадриятларга эга бўлган, халқ манфаатларини ҳимоя қилишни ўз олдига бош мақсад қилиб қўйган сиёсий куч саналади, - дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Марям Ниёзова. - Партия фаолиятининг марказида инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, муносиб турмуш кечириши учун зарур ижтимоий шароит яратиш масалалари туради. Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида Халқ демократик партияси ўз дастурий ғоялари орқали фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, кам таъминланган аҳолини қўллаб-қувватлаш ва ҳар бир инсоннинг ҳаёт сифатини яхшилашга хизмат қилмоқда. Биз партия фаолларига ишонамиз, уларнинг фидойилиги, ташаббускорлиги ва халқ манфаати йўлидаги саъй-ҳаракатлари мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади, албатта.
ХДП Самарқанд вилояти кенгаши ахборот хизмати.