Хитойдан Ўзбекистонга коронавирусга қарши дори препаратлари етиб келди

Ўзбекистонга Хитой Халқ Республикасидан махсус рейс орқали COVID-19 коронавирусга чалинган беморларни даволаш ва профилактика қилишда ишлатиш учун бир қатор дори воситалари етиб келди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 9 апрель куни ушбу юк Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Биоорганик кимё институтининг ташаббусига кўра, Хитой Фанлар Академиясининг Шинжон физик-кимёвий техника ва Шанхай фармацевтика институтларидан юборилган.

Дори воситаларининг Тошкент шаҳрига етиб келишини Хитой фанлар академиясининг Тошкент шаҳридаги “Хитой — Ўзбекистон тиббиёт технология парки” ташкиллаштирган. Умумий миқдорда 50 000 қути дори воситалари “Хитой — Ўзбекистон тиббиёт технология парки” томонидан Ўзбекистон халқига беғараз ёрдам сифатида Инновацион ривожланиш вазирлиги тасарруфига топширилди.

Юборилган дори препаратлари Хитойда ишлаб чиқарилган бўлиб, коронавирусга қарши самарали қўлланилган қуйидаги воситалардан иборат:

1) “SPH Zhongxi Pharmaceutical Co., Ltd” фармацевтик компанияси томонидан ишлаб-чиқарилган “Fenle” препарати (гидроксихлорохин сульфат таблеткалари 100 мг) – 20 000 қути. Ушбу препарат безгакка қарши хусусиятга эга бўлиб, коронавирусга қарши курашда ҳам яхши самара бермоқда.

2) “Xinjiang Uyghur Pharmaceutical Co., Ltd” фармацевтик компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Zukamu” — 10 000 қути ва “Zupa” — 10 000 қути препаратлари бўлиб, улар ўткир респиратор касаллик ва грипп симптомларини бартараф этишда самарали дори воситаси ҳисобланади.

3) “Xinjiang Yinduolan Uighur Medicine Co., Ltd” фармацевтик компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Fufang Yizhihao” препарати — 10 000 қути. Ушбу препарат вирусли шамоллаш, томоқнинг яллиғланиши ва оғриғини босиш, бош оғриғи ва тана ҳароратини туширишда самарали восита ҳисобланади.

Ўз навбатида, “Хитой-Ўзбекистон тиббиёт технология парки” тасарруфидаги даволаш-диагностика клиникасини мобиль госпиталь сифатида беморларни жойлаш ва даволашда фойдаланиш учун тақдим этишга шайлигини ҳам билдирди.