Хизмат итлари ҳарбий объектларни қўриқлашга ва блок-постлардаги хизматга жалб қилинмоқда
Марказий ҳарбий округининг Самарқанд, Навоий ҳамда Жиззах гарнизонларида 30 га яқин хизмат итлари учун кичик питомниклар барпо этилган. Округ тасарруфидаги ҳарбий қисмларда хизмат итлари из ва мина қидирув ҳамда қоровуллик-қўриқлов хизматига сафарбар этилади.
Хизмат итлари билан эрталаб ва куннинг иккинчи ярмида 2 соатдан машғулот ўтказилади. Кинолог бошқа округга ёки ҳарбий қисмга хизмат заруриятига кўра кўчса, хизмат ит ҳам ҳарбий хизматчи билан юборилади.
Ҳар йили анъанавий тарзда мудофаа вазирлиги миқёсида кинологлар чемпионати ўтказилади. 2020 йил февраль ойида бўлиб ўтган “Энг илғор мутахассис–кинолог” кўрик-танловида округ шарафини оддий аскар Миржалол Тўрамуродов “Сеам” ва Достон Қодиров “Вега” ҳамда Бекзод Абдулбоқиев “Грой” лақабли хизмат итлари билан муносиб ҳимоя қилиб, совриндор бўлди.
Одатда, хизмат итларини асосий қисми машғулотларга ва ҳарбий объектларни қўриқлашга жалб қилинар эди. Карантин тадбирлари сабаб эндиликда хизмат итлари кечқурун, кўриниши ёмон бўлган (туман) вақтларда, зарурият бўлганда куннинг исталган пайтида блок-постларга жалб қилинмоқда.
Марказий ҳарбий округ ахборот хизмати.