Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Windows ишламагани учун дунё бўйлаб глобал узилишлар рўй берди
Windows операцион тизимида глобал носозлик юз бериши дунё бўйлаб аэропорт ва авиакомпания, банклар, электрон тизим ишида муаммолар келтирди. Оммавий носозликлар Германия, Австралия, Испания, Буюк Британия ва дунёнинг бошқа бир қанча мамлакатларида кузатилган. АҚШда American Airlines, United Airlines ва Delta авиакомпаниялари парвозларни тўхтатди.
🔹 Руминия депутати Диана Шошоакэ сўз эркинлигига қилинган ҳужумларга норозилик сифатида Европарламент йиғилишида тумшуғбоғ тақиб кирди. Бундай кескин чиқиш билан сиёсатчи Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляеннинг иккинчи муддатга кўрсатилишига норозилик билдирди.
🔹 Европа ва НАТО Украинадаги уруш ўн йилга чўзилишига тайёр бўлиши керак, дейди НАТО бош котиби Йенс Столтенберг. Аммо вазиятнинг парадокси шундаки, Ғарб иттифоқчилари узоқ урушга тайёрликни қанчалик ишончли намойиш қилсалар, у шунчалик тез тугайди, деб ҳисоблайди кетаётган бош котиб. У 10 йил давомида НАТО бош котиби лавозимида ишлади ва шу йилнинг октябрь ойида бу лавозимни тарк этади. Унинг ўрнини Голландиянинг собиқ бош вазири Марк Рютте эгаллайди.
🔹 Трамп суиқасддан кейин:
Доналд Трамп ноябрда ўтадиган сайловларда Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига расман номзодини қўйишга розилигини эълон қилди. Номзод Оқ уйга қайтганида АҚШ Шимолий Корея билан муносабатларни яхшилашига ишонишини айтган. У билан учрашган Венгрия бош вазири Виктор Орбан агар Трамп сайловда ғалаба қозонса, зудлик билан можаро томонлари ўртасида музокара ўтказишни талаб қилишини айтди. Трамп бугун Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилади.
🔹 Туркиянинг Измир шаҳрида кучли шамол оқибатида алангаланган ўрмон ёнғини аҳоли гавжум ҳудудларга етиб борди. Ёнғин Измирдаги халқаро аэропорт фаолиятида муаммоларга сабаб бўлган. Измир Туркияда аҳоли сони бўйича учинчи шаҳар ва Истанбулдан кейинги иккинчи йирик портдир.
🔹 Франция полициясига сақич чайнаш тақиқланди. Ички ишлар вазирлиги томонидан берилган буйруқ саккиз кундан кейин Олимпия ўйинлари бўлиб ўтадиган "Франция қиёфаси" учун экани айтилган. "Сақич чайнаш, уяли телефонларга қарамаслик, одамлар билан саломлашиш ва ҳар қандай шароитда хотиржамликни сақлаш муҳим", дейилади ҳужжатда.
🔹 Алла Пугачеванинг машҳур 10 метрлик “Hummer” лимузини уйсиз (бомж)ларга тегди. Лимузин унга россиялик қўшиқчи, собиқ турмуш ўртоғи Филипп Киркоров томонидан совға қилинган. Ажралгач машина эри ҳовлисида қолган ва ўғирлаб кетилган. Яқинда “Hummer” Краснодар ўлкасида топилди.
🔹 Вьетнам Коммунистик партияси марказий қўмитаси бош котиби Нгуен Фу Чонг бугун 81 ёшида вафот этди.