Хориж хабарлари: Нетаняҳу коррупцияда айбланиб судда гувоҳлик бермоқда

 🔹  Сурияда аҳолини рўйхатга олиш, янги Конституцияни тасдиқлаш ва эркин сайловлар ўтказилади. “Энди янги Сурияни қуриш вақти келди, муваққат маъмурият тузилгандан сўнг, янги конституцияни яратиш жараёни, аҳолини рўйхатга олиш ва эркин сайловлар ташкил этилади”, дейилади "Hürriyet"да.

🔹 Покистонда мамлакатнинг собиқ бош вазири Имрон Хоннинг озод этилишини талаб қилган оломон баррикадаларни бузиб ўтиб, пойтахт Исломободга йиғилгандан сўнг хавфсизлик кучлари уларни тарқатиб юбориш учун сешанба куни тунда операция бошлади. Намойишчилар Хон тарафдорларини парламентга юришга чақирганидан сўнг, расмийлар мамлакатда интернетни ўчирди ва пойтахтга олиб борадиган асосий йўлларни тўсиб қўйди.

🔹  Исроил танклари Сурия билан чегарадаги буфер зонадан ташқарига чиқиб, мамлакат ҳудудига 20 километр кириб боргани айтилмоқда.

 🔹  Жанубий Корея полицияси 3 декабрь куни ҳарбий ҳолат эълон қилингани муносабати билан ўн нафар вазирни, жумладан, бош вазир Хан Деок Суни сўроққа чақирган. Айтилишича, амалдорлар, жумладан, бош вазир ҳам ҳарбий ҳолат эълон қилинишидан олдин ва кейин ҳукуматнинг тор доирадаги йиғилишида иштирок этган.

 🔹  Грузия ҳукумати мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилиш ва комендантлик соати жорий этиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси 29 декабрь куни Михаил Кавелашвилини Грузиянинг янги президенти этиб тайинлашни режалаштирган. Шундан кейин партия фавқулодда ҳолат доирасида комендантлик соати жорий этиш ниятида.

 🔹  Россия ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин “Разведчик” журналига берган интервьюсида Россия амалда Украинада мақсадига эришганини айтди. Украина Қуролли кучлари тўлиқ қулаш арафасида, “Владимир Зеленский режими” эса қонунийликни ҳам, музокаралар олиб бориш қобилиятини ҳам йўқотган, деди у. Украина президенти Владимир Зеленский девони собиқ маслаҳатчиси Алексей Арестович эса Украинада ўт очишни тўхтатиш сулҳи 25 январда тузилиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. АҚШнинг янги сайланган президенти Доналд Трамп инаугурациясидан сўнг дарҳол можаронинг фаол босқичини тўхтатишни таклиф қилиши мумкин, дейди у.

 🔹  Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу Тель-Авив судига порахўрлик, фирибгарлик ва халқ ишончини бузиш ҳолатлари бўйича гувоҳлик бериш учун борди. Нетаняҳу Исроил ҳукуматининг унга қарши жиноий ишлар бўйича судга келган биринчи амалдаги раҳбари бўлди, деб хабар беради Kan.

 🔹  Россия Федерацияси Санта Клаусни чет эл агенти сифатида тан олмоқчи. Бундай таклиф билан Бош прокуратурага патологик информатор Виталий Бородин мурожаат қилган.

 🔹  Африканинг энг қашшоқ давлати Россия билан космодром қурмоқчи. Зимбабве орбитага илк космонавтни жўнатиш режасини эълон қилди, деди мамлакат миллий геофазо ва космик агентлиги бош директори Паинос Гвеме тарғиботчиларга. Зимбабве миллионлаб одамлар очликдан азият чекаётган дунёдаги энг қашшоқ мамлакатлардан бири. Вазият сўнгги 40 йилдаги энг даҳшатли қурғоқчилик туфайли янада оғирлашди - экинлар нобуд бўлди, мамлакатда миллий офат эълон қилинди.