Хориждаги меҳнат мигрантларига қандай ёрдам кўрсатилади?

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида мураккаб молиявий вазиятга тушиб қолган, яшаш учун маблағсиз қолган, бахтсиз ҳодисага дуч келган, ўткир ёки оғир касалликка чалинган, вафот этган, шунингдек меҳнат фаолияти вақтида майиб бўлган ёки оғир жароҳат олган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига зарур хизматлар кўрсатилмоқда.

Булар:

- хорижий иш берувчиларда мавжуд бўлган бўш иш ўринларини таклиф қилиш;

- 300 АҚШ долларигача бўлган суммада хостел ва суткалик меҳмонхоналар томонидан кўрсатилган хизматларни қоплаб бериш;

- базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари (490 минг сўм) миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш;

- соғлиқни сақлаш муассасаларига кўрсатилган тиббий хизматлар учун 1,5 минг АҚШ долларигача ҳақ тўлаш;

- Ватанга қайтариш учун авиа ёки темир йўл чипталари ҳақини тўлаш;

- вафот этган шахс жасадини урф-одатларга кўра тайёрлашда 1 минг АҚШ долларигача бўлган хизматлар ҳақи ва Ўзбекистонга олиб келиш учун чипта ҳақини тўлаш;

- ҳуқуқий ҳимоя қилиш мақсадида 3 минг АҚШ долларигача адвокат, юридик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг ҳақини тўлаш.

Ушбу хизматлардан фойдаланиш истагида бўлган фуқаролар Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига, унинг хориждаги ваколатхоналарига ёки ҳудудий филиалларига мурожаат қилишлари мумкин.

Фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида масофадан мурожаат йўллашлари учун www.birgamiz.com платформаси яратилган.

Телефон: (71) 202-33-55 (ички рақам 55) ёки қисқа рақам 1282.

Юқоридаги хизматлар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари хисобидан амалга оширлади.

2020 йил давомида жамғарма маблағлари ҳисобидан:

- 1983 нафар фуқарога бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди;

- яшаш учун турар-жойсиз қолган 175 нафар фуқарога суткалик хостел тўловлари тўлаб берилди;

- 2 нафар фуқарога кўрсатилган тиббий хизмат харажатлари тўлиқ ёки қисман қопланди;

- 3 нафар бемор фуқаро оғир тан жароҳати олганлиги, майиб бўлганлиги сабабли Ўзбекистонга тиббий транспортировка қилинди;

- хорижда вафот этган 617 нафар фуқаронинг жасади (тегишли маросимлар амалга оширилган ҳолда) юртимизга олиб келинди;

- хорижда қийин аҳволда қолган 119 нафар фуқаро ва Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказларида сақланаётган 627 нафар юртдошимиз мамлакатимизга қайтарилди.

Абдуазиз Ҳафизов,

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мутахассиси.