Хорижий ОТМлардан ўқишни Ўзбекистонга кўчириш бўйича сохта маълумотларни тарқатиш давом этмоқда
Хорижий олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг ўқишини кўчириш борасида тарқалган ёлғон ахборотлар тўғрисида хабар берган эдик, деб ёзмоқда олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги.
Айрим консалтинг фирмалар, турли хусусий ширкатлар хориждаги ватандошларимизга Ўзбекистонга ўқишни кўчириш бўйича пуллик “қонуний кафолатланган” хизматларини таклиф қилишда давом этмоқда.
Хўш, ўқишни кўчириш жараёнида қўшимча консалтинг хизматига эҳтиёж борми? Бизнингча, бунга ортиқча эҳтиёж йўқ.
Сабаби, номзод ариза топшириш жараёнида атиги 3 та ҳужжат тақдим этади: ариза (жойида тўлдирилади), паспорт нусхаси ҳамда рейтинг дафтарчаси ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотномадан нусха (таҳсил олаётган ОТМдан берилади).
Хорижий ОТМдан Ўзбекистондаги ОТМга кўчириш истагида бўлган ватандошларимиздан ўқишга кириш фанлари бўйича махсус синовга тайёрланиш талаб этилади, холос. Улар ўз мутахассислиги бўйича имтиҳон (комиссия томонидан белгиланган тест ёки ёзма иш ёки касбий (ижодий) имтиҳон шаклида) топширадилар.
Имтиҳон жараёнлари жамоатчилик назорати остида масофавий онлайн тарзда амалга оширилади.
Қолаверса, жорий йил 28-30 август кунлари хорижий олий таълим муассасаларидан ўқишни кўчириш ва кўчириб қайта тиклаш бўйича мурожаат қилган номзодлар учун масофавий онлайн тест синовлари ўтказилди. 2019 йилда ўқишни кўчириш ва кўчириб қайта тиклаш бўйича имтиҳонлар ўтказилмайди!
Кеча, 20 декабрдан бошлаб юртимизнинг барча ҳудудларида республика олий таълим муассасаларига ўқишини кўчириш (кўчириб тиклаш) бўйича аризалар қабул қилувчи ишчи гуруҳлар ўз фаолиятини бошлади.
Ҳамюртларимиздан ўқишга кўчириш борасида барча саволлар билан ҳудудий ишчи гуруҳларига мурожаат қилишлари ёки вазирликнинг расмий саҳифалари орқали керакли маълумотлар билан танишишларини сўраб қоламиз.
Вазирлик хорижий ОТМлардан талабалар ўқишини Ўзбекистонга кўчиришда хусусий сектор вакиллари, консалтинг фирмалар билан ҳамкорлик қилмайди.