Хотин-қизлар муаммолари касаба уюшмалари эътиборида

Ўзбекистон Президенти фармони билан 19 март куни Молия вазирлиги ҳузурида 10 триллион сўм бюджетга эга Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилган эди. Вазирлик ҳисоботига кўра, ушбу жамғармадан 30 миллиард сўм кам таъминланган оилаларда яшовчи хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш учун касаба уюшмалари федерациясига ҳам ажратилган. Самарқанд вилоятига бу маблағнинг маълум қисми ажратилган бўлиб, уни манзилли етказиш бўйича ишлар бошлаб юборилди. Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Суҳроб РАФИҚОВ билан шу хусусда суҳбатлашдик.

- Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Республика ишчи гуруҳи 2020 йил 24-27 февраль кунлари Паст Дарғом туманида, шунингдек, 4-7 март кунлари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида фаолият олиб борди, - дейди Суҳроб Рафиқов. - Ишчи гуруҳ аъзолари уйма-уй юриб, 1096 маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 5305 та кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва нотинч оилалар аҳволини ўрганди. Ўрганиш жараёнида 6478 та муаммо аниқланди,

улардан 39 фоизи уй-жой билан таъминлаш ва мавжуд уй-жойини таъмирлаш, 4,5 фоизи саломатлигини тиклаш, 37 фоизи турли мақсадларда моддий ёрдамга муҳтожлиги,

8 фоизи иш билан таъминлаш ва бошқа масалалар билан боғлиқ бўлди.

- Ўрганилган муаммоларни бартараф этиш юзасидан ишлар бошландими?

- Вилоятимиз бўйича 100 нафар хотин-қиз тикув машиналари билан таъминланиб, касаначилик асосида меҳнат фаолияти билан шуғулланмоқда. Кам таъминланган эҳтиёжманд хотин-қизларга маиший техника жиҳозлари олиб берилди. Вилоят бўйича 198 нафар хотин-қизларнинг уй-жойини таъмирлаш учун қурилиш материаллари, 129 нафарига дори-дармон ажратиш, 31 нафарининг даволаниши учун моддий ёрдам, 8 нафарини коммунал тўловларини тўлаб бериш, 17 нафарига моддий ёрдам кўрсатиш ишлари амалга оширилмоқда.

Кам таъминланган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш бўйича 3 нафарига иссиқхона қуриб бериш, 7 нафарини чорва моллари билан таъминлаш, 1 нафарига сартарошлик йўналишида кўмаклашиш, 2 нафарига пазандачилик учун маиший техника олиб бериш, хотин-қизларнинг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида 22 нафарига кир ювиш машинаси, 41 нафарига газ плита, 30 нафарига газ баллон, 4 нафарига телевизор, 4 нафарига музлаткич олиб бериш кўзда тутилган.

Бундан ташқари тиббий хизмат ва моддий ёрдам кўрсатиш бўйича берилган рўйхатлар асосида 136 нафар хотин-қизга пластик карточка очилиб, 314,3 миллион сўм маблағ ўтказиб берилди.

- Ушбу лойиҳа доирасида хотин-қизлар учун иш ўрни яратган корхоналарга ҳам имтиёзлар берилиши ростми?

- Хотин-қизлар учун доимий иш ўрни яратишда бизнес режа тайёрланади ва ишчи гуруҳга тақдим этилади. Ишчи гуруҳ томонидан энг мақбул деб топилган лойиҳа эгасига бизнес режа бўйича белгиланган тартибда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан маблағ ажратилади.

Янги иш ўринларини яратиш мақсадида корхона, ташкилотларга маблағ йўналтиришда, ушбу корхона, ташкилотларнинг устав фондига касаба уюшмаси ташкилоти киритилади. Бунда, корхона устав фондига касаба уюшмаси ташкилотининг улуши улар томонидан ажратилган маблағларнинг фоиз ифодасидаги қисмидан кам бўлмаслиги таъминланади.

Янги иш ўринларини яратишга йўналтириладиган маблағлар учун янги ташкил этиладиган корхона, ташкилотларнинг ёки маблағ ўтказиладиган тадбиркорлик субъектларининг мавжуд кўчмас мулклари шартнома асосида гаровга қўйилади (гаровга қўйилган мулкнинг бозор қиймати баҳоловчи ташкилотлар томонидан белгиланган тартибда баҳоланиши ва тузилган ҳисобот тегишли ташкилотларда экспертизадан ўтказилиши ҳамда экспертизадан ўтказилган ҳисобот бўйича мулкнинг қиймати ажратилган маблағларнинг камида 1,5 бараварини ташкил қилиши шарт). Ушбу мулклар тадбиркорларнинг маблағи ҳисобидан баҳолатилади, баҳолаш ҳисоботи экспертизадан ўтказилади, суғурта қилдирилади.

- Хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилувчи бошқа тузилмалар ҳам борлигини яхши биламиз. Аммо касаба уюшмасида улар учун ишонч телефонлари ташкил этилгани сабаби нимада?

- Давлатимиз раҳбари топшириғига биноан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси мутасаддилигида тузилган хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича республика ишчи гуруҳининг 1211 қисқа рақамли «Ишонч телефони» ташкил этилган. Ўз номидан маълумки, бу ишонч телефони асосан хотин-қизларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадларига қаратилган.

«Ишонч телефони» ишга тушганига икки ой бўлди. Ўтган даврда биргина Самарқанд вилоятидан 1150 та мурожаат ёзиб олинган.

Мурожаатларни белгиланган фурсатларда ижрога йўналтириш бўйича вилоят ҳокимлигида штаб ташкил этилган. Хотин-қизлар кундалик турмушда дуч келаётган муаммолар дахлдор ташкилотлар жалб этилган ҳолда ҳал этилмоқда. Мурожаатлар орасида бир мунча вақт талаб этадиганлари ҳам бор. Бундай ҳолатлар қатъий назоратга олинмоқда. Ҳуқуқий ёрдамга муҳтож фуқароларга эса мутахассислар амалий кўмак кўрсатмоқда.

Мисол учун, Ургут тумани Жайратепа маҳалласида яшовчи Мунаввара Раупова «Ишонч телефони»га қўнғироқ қилиб, лойсувоқ томи устидан чакки ўтаётганини айтиб, уйни шиферлашда ёрдам сўраган. Мурожаатчи хонадони ўрганилиб, уй томига етадиган барча қурилиш ашёлари, 2 та эшик ҳамда 2 та дераза роми етказиб берилди.

Паст Дарғом туманининг Буюк Турон маҳалласида яшовчи Анора Рўзимуродова ҳам қийналганлардан бири. Икки нафар фарзандни ёлғиз тарбия қилаётган бу аёл таъмирга муҳтож, шароити оғир икки хонали уйда истиқомат қилаётганини билдирди. Масала ўрганилиб, Аноранинг уйини таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, жойларда мурожаатларга билдирилаётган муносабатларда турли тафовутлар бор. Баъзи раҳбарлар аҳоли ташвишларига шерик бўлмоқда. Аммо баъзи ҳудудларда лоқайдлик ҳам кўзга ташланиб қолмоқда.

Ҳар бир мурожаат ортида бир инсон дарди бор. Қолаверса, ўзбек аёли унча-мунчага дардини достон қилавермайди ҳам. Шу сабаб бу масалага эътиборсиз қарашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Г.МЎМИНОВА суҳбатлашди.