Хотиржамликка асос йўқ

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев 8 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилиши аввалида коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида республикамизда амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди. “Тиббиёт ва санитария-эпидемиология ходимларининг касб малакаси ва жасорати, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг фидойилиги, шунингдек, карантин давридаги қатъий интизом мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни нисбатан барқарор сақлаш имконини бермоқда.

Лекин бу хотиржамликка берилиш, масалага енгил-елпи қараш учун асос бўлмаслиги керак”.

Республика махсус комиссияси қарори билан 10 июлдан 1 августга қадар мамлакат ҳудуди бўйлаб кучайтирилган карантин тартиби ўрнатилиши эса ҳали мамлакатда коронавирусга қарши кураш ишларини янада кучайтириш, самарадорлигини ошириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Биламизки, коронавирус касаллиги вируслар оиласининг ўрганилмаган турига киради. Ҳар қандай янги вируснинг оқибатлари қандай тугаши ва бундан кейин ўзини қандай тутишини билмаймиз. Иммунитетимиз у билан ҳали таниш эмас, шунинг учун организмга кўпроқ тажовузкор таъсир қилади ва кутилмаган асоратларни келтириб чиқаради. Маълумки, мамлакатимизда 2020 йил 17 мартдан бошлаб ушбу касаллик - COVID-19 инфекцияси бўйича чеклов тадбирлари жорий этилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Бош Давлат санитария врачининг 2020 йил 17 мартдаги «COVID-19 коронавирус инфекциясининг республика худудида тарқалишининг олдини олиш, касалликни тўғри ташхислаш ва даволаш жараёнида профилактик чеклов тадбирларини жорий этиш тўғрисида»ги 5-сонли қарори ижроси бўйича клиникада мазкур энг муҳим ишларга киришилган эди. Шу кундан эътиборан клиниканинг кириш дарвозаси олдида туну-кун фаолият олиб борадиган масъул врачлардан таркиб топган навбатчилик фаолияти ташкил қилинди ва маъмурият ходимлари томонидан қатъий назорат қилиниб борилди.

Даволаниш учун йўлланма билан юборилган беморлар, туғруқ комплексига келган ҳомиладорлар ва клиника ходимлари учун клиника дарвозаси олдида ҳамда барча бўлимларнинг кириш эшигида фильтр ташкил қилинди. Фильтр пирометр ва етарли миқдорда термометр, дезинфекцияловчи моддалар, ходимлар учун етарли миқдорда ҳимоя воситалари (ниқоб, респиратор, антисептик)лар билан таъминланди.

Президентимиз Ш.Мирзиёев раҳбарлигида 2020 йил 26 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишининг “Коронавирус пандемияси бўйича эпидемик вазият ва бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида”ги 21-сонли баёни ижросини таъминлашга жиддий эътибор қаратдик. Видеоселекторда давлатимиз  раҳбари томонидан шифокорлар  олдига катта вазифалар қўйилганди. Шу асосда тиббиёт ва Қуролли Кучлар олий ўқув юртлари талабаларидан иборат “кўнгиллилар отрядлари тузилди, аҳолининг сурункали касалликларга чалинган қатлами, 60 ёшдан ошган аҳоли орасида ҳаётий муҳим эҳтиёжсиз ташқарига чиқмаслигини кенг тарғиб қилиш, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган ва кам таъминланган оилалар учун зарур озиқ-овқат, гигиена ва дори воситаларини етказиб бериш ишларини ташкил этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.

COVID-19 билан касалланганларнинг бирламчи мулоқотдагилари учун 5 та обсервацион пункт ва 2020 йил 25 майдан бошлаб 14 та меҳмонхоналарда “провизор стационар”лар ташкил қилинди. Уларга Самарқанд шаҳридаги  даволаш-профилактика муассасаларидан 180 дан зиёд врачлар, ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш учун бириктирилди.

Самарқанд шаҳрида ташкил қилинган шундай мувофиқлаштирувчи штаб кўрсатмасига кўра, коронавирус инфекцияси мавжуд беморлар билан бирламчи мулоқотдаги фуқаролар учун обсервацион пунктлардаги фуқароларга ҳамда Самарқанд шаҳридаги “Гранд Отел Согдиана”, “Идеал”, “Сити Самарканд”, “Бўстонсарой”, “Шарқ” “Бибихоним”, “Баракат”, “Янги Шарқ”, “Марварид”, “Ҳамрохоним” ва “Жаҳон Палас” меҳмонхоналарида ташкил қилинган провизор стационарларда “Аутсорсинг” хизмати орқали 4 маҳал иссиқ овқат берилди.

Бундан ташқари, вилоятимизда коронавирус билан зарарланганларга тиббий хизмат кўрсатиш учун ташкил қилинган Самарқанд вилояти юқумли касалликлар шифохонасида ва вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида клиниканинг реаниматолог, пульмонолог каби мутахасисс шифокорлар ва ҳамширалари жалб қилинди.

Барча обсервацион пунктлар дистанцион пирометрлар, бир марталик ҳимоя кийимлари, антисептиклар, ниқоблар ва тиббий қўлқоплар ҳамда бошқа тиббий воситалар билан таъминланди. Бирламчи мулоқотда бўлган обсервациядаги фуқароларга давлат бюджети томонидан вирусга қарши дори воситалари берилиши йўлга қўйилди.

Клиниканинг реанимация бўлими базасида жойлашган Самарқанд давлат тиббиёт институтининг «Анестезиология ва реаниматология» кафедрасининг профессор-ўқитувчилари иштирокида ходимларнинг шахсий ҳимоя воситаларини кийиш ва ечиш қоидалари, карантин ўчоғида короновирус билан касалланган беморлар билан даволашни олиб бориш ва ўзларини ҳимоя қилиш тартиби бўйича тиббиёт ходимлари ўқитилди ҳамда бир вақтнинг ўзида мастер класслар ташкил қилинди. Шу билан бирга ZOOM дастури орқали “COVID-19 корноновирус инфекцияси” мавзусига бағишлаб ўтказилган барча халқаро ва республика миқёсидаги онлайн илмий-амалий конференциялар ва вебинарларда клиника врачлари иштирок этишди ва бу орқали ўз билим савияларини янада мустаҳкамлаб олишларига эришилди.

Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруқлари асосида Самарқанд шаҳридаги аксарият даволаш-профилактика мауссасалари COVID-19 инфекцияси билан касалланган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш учун ажратиладиган қўшимча захира шифохоналар рўйхатига киритилганлиги ёки карантинга ёпилганлиги муносабати билан Самарқанд вилояти туманлари ва шаҳар аҳолисига клиниканинг барча бўлимларида ихтисослаштирилган тиббий хизмат ҳамда оғир юрак қон-томир, ўпка касалликлари билан касалланган ҳомиладорларга акушерлик хизмати кўрсатилиши карантин қоидаларига қатъий амал қилинган ҳолда ташкил қилинди ҳамда беморларнинг самарали даволаниб чиқишларига эришилди.

Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ишларига жалб қилинган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларни қўшимча ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида мазкур инфекциядан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган,  зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораториясида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун (солиқлардан ташқари) махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланди.

Молия вазирлигининг 2020 йил 5 апрелдаги №01/05-12-03-34/58 хатига асосан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинадиган давр учун барча ходимларга уларнинг ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўлов амалга оширилмоқда.

Наргиза АБДУЛЛАЕВА,

Самарқанд давлат тиббиёт институти 1-клиникаси бош врачи, тиббиёт фанлари доктори.