Худойназар ЮНУСОВ: “Қачонки қонунлар ижроси тўлиқ таъминланса, коррупция йўқолади”

Икки йил олдин Самарқанд қишлоқ хўжалик институти негизида Самарқанд ветеринария медицинаси институти ташкил этилди. Ушбу олий таълим муассасасида таълим жараёнларидан тортиб, ички тизим ҳам тубдан ўзгарди. Хўш, бунга қандай қилиб эришилди? Бу ҳақда институт ректори Худойназар Юнусовнинг фикрлари билан ўртоқлашдик.

- Худойназар Бекназарович, биламиз сиз анча пайт хорижда ишлагансиз. Шу сабабли чет эл ва ўзимизнинг таълим тизимини солиштириш имкониятига эгасиз. Икки йиллик раҳбарлик фаолиятидан келиб чиқиб юртимиз таълим тизимининг сизга ёққан ва ёқмаган томонлари нималардан иборат бўлди?

- Мен учун жуда оғир саволни бердингиз. Ёққан томони, олий таълим муассасалари фаолияти билан боғлиқ барча қонунлар худди ривожланган хорижий давлатлардагидек мукаммал ишлангани. Аммо ўша қонунларнинг бажарилиши хорижий олий таълим муассасалари билан солиштирганда жуда суст. Яна бир гап. Чет элда талаба ҳеч қачон ўзлаштира олмаган фани учун деканга ёки ректорга мурожаат қилмайди. Баҳо олиш учун қариндош-уруғларини ишга солмайди. Улар бундай ҳолатни тасаввурига ҳам сиғдира олмайди. Имтиҳондан ўта олмадими, қайтадан топширади. Бунинг учун тайёргарлик кўради, ўқийди, изланади. Бошқача йўл ахтармайди. Дунё бўйича таълим тизимида коррупцияга оид ҳолатлар бор, лекин Ўзбекистондагидек эмас. Ўзбекистон таълим тизимида коррупция ҳолатлари, афсуски жуда кўп. Одамлар негадир қонунларга, тест тизимининг шаффофлигига ишонмайди, бирор таниши фарзандини ўқишга киритиб қўяман, деса ишонади. Менга таълим тизимига кириб келаётган кредит модуль тизими жуда маъқул бўлмоқда, бироқ одамларимиз шуниям қинғир йўлларини топармикан, деб ўйлаб қоламан.

- Фаолиятингиз давомида институтда қандай янгиликлар, ўзгаришлар қилдингиз?

- Олдимга қўйган асосий вазифаларимдан бири институтни коррупция, қариндош-уруғчилик ва ҳар хил бузғунчилардан холи қилиш эди. Иккинчиси, институтни ривожланган хорижий олий таълим муассасалари қаторига олиб чиқиш. Учинчиси, институтда амалга оширилаётган илмий ишларни халқаро миқёсда тан оладиган даражага етказишдан иборат. Иш фаолиятимни мана шу учта вазифани бажаришдан бошладим ва бир мунча ишларни амалга оширдик.

Икки йил ичида 47 нафар магистрни етук мутахассис қилиб тайёрладик. Институт тарихида биринчи марта магистрлар ўқишни тугатмасданоқ юз фоиз ишли бўлди. Улар ҳозир илмий иш олиб бормоқда. Бакалаврлар ҳам насиб бўлса, ўз соҳасининг билимдони бўлиб етишади. Ўтган йили ўқитувчиларимиздан 25 фоизининг скопс (хориждаги нуфузли) журналларда мақолалари чиққан бўлса, бу йил 40 фоиз ўқитувчининг мақоласи чоп этилди. Ҳатто хорижлик профессор-ўқитувчилар институт ўқитувчилари билан ҳамкорликда ўқув дарсликлари тайёрлаш таклифини билдиряпти. Бу ишларининг натижаси 2-3 йил ичида кўринади, албатта.  

- Институтни коррупциядан тозалашга аҳд қилдим, деяпсиз. Бунга ўқитувчи ва талабаларнинг муносабати қандай бўлди?

- Коррупциясиз ишлаш таклифини айтганимда, бошида жамоа ҳар хил қабул қилди. Жамоада мени тўғри тушуниб, мақсадларимни ижобий қабул қилганлар ҳам, аксинча таклифларимни қабул қила олмаганлар ҳам бўлди. Ҳатто ҳар хил гаплар тарқатиб, ишимга қаршилик қилишди. Ижтимоий тармоқларда устимдан туҳмат гаплар ёзиб, обрўйимни туширишга ҳаракат қилган ҳолатлар ҳам бўлди. Талабалар эса коррупциясиз таълим тизимини ижобий қабул қилишди. Уларнинг баъзилари аввал пул бериб, кўчада юрган бўлса, энди дарсларда қатнашиш, ўқиш кераклигини тушуниб етди.

- Нима учун олий таълим муассасаларида бир-бирининг устидан ёзиш, давлат ташкилотларига шикоят қилиш кўп учрайди? Мана сиз қатор йиллар Россия давлатида ишлагансиз, Россия олий таълим муассасаларида ҳам шундай ҳолат борми?

- Олий таълим муассасаларидаги бир-бирининг устидан ёзишнинг сабаби, кўролмаслик. Бири иккинчисидан омадли, билимли бўлса, ҳасад қилиш бошланади. Бу фақатгина Ўзбекистон ёки Россияда эмас, балки бутун дунёда бор муаммо. Масалан, америкалик олимлар ҳам бир-бирининг устидан ёзади. Нима учун? Масалан, битта лабораторияда 15 нафар олим ишлайди. Уларнинг ичидан кимдир 5 йилда илмий тадқиқот қилди, аммо қолганлари бирор нарсани кашф қила олмади. Шунда уларда ҳам кўролмаслик бошланади. Россияда ҳам бундай ҳолатлар йўқ эмас. Кимдир илмий тадқиқот қиладиган бўлса, кўпинча унга ҳаммуаллиф сифатида кимнидир қўшиш таклиф қилинади.

Демократия ҳаётимизга кириб келганидан сўнг ҳеч ким бир-биридан қўрқмай қолди. Интернет тармоқларида эса бўҳтон, ёлғон, ҳақоратлар кўпайиб кетди. Одамлар интернетдаги ҳар хил маълумотларни тўғри деб тушуниб, муаллифга далда бера бошлади. Ривожланган мамлакатларда бу касаллик бошланганида ҳамма хавотирга тушиб қолганди. Улар ҳозир бу муаммодан қутилган. Биз ҳозир шу касаллик устида турибмиз. Ижтимоий тармоқларни кузатсангиз, бир-бирига тош отганлар тиқилиб ётибди. Қачонки одамлар бу ахборотлардан безса, ўшанда ҳаётимиз яна изига тушади.     

- Шу соҳанинг вакили сифатида таълимдаги коррупцияни йўқотиш учун нималарни ўзгартириш керак, деб ҳисоблайсиз?

- Юқорида айтганимдек, бизда қонунлар мукаммал ишланган. Бироқ уларнинг ижроси жуда суст. Қачонки қонунлар ижросини тўлиқ таъминласак, ана шунда коррупция йўқолади. Коррупцияга йўл қўймаслик учун ўқитувчилар етарлича рағбатлантирилаяпти.  Масалан, ўтган йили фан номзодларининг ойлик иш ҳақи 30 фоизга, фан докторлариники 60 фоизга оширилди. Бугунги кунда профессор 7-8 миллион сўм атрофида маош оляпти. Таълим тизимида ҳаракат қилган мутахассис талабадан таъмасиз ҳам етарли миқдорда иш ҳақи олади. Ўз ишини тўғри бажариб, юзи ёруғ бўлиб, маошга яшаган яхшими ёки пора олиб, қачон қўлга тушарканман, деб қўрқиб юрган яхшими? Ҳар ким ўз вазифасини виждонан, тўғри бажарса, коррупция ўз-ўзидан йўқолади.  

- Сиз ўзингиз институтда шу ўзгаришларни қила оласизми?

- Раҳбар сифатида жамоани коррупциядан тозаладим, деб айта оламан. Ҳар йили ўқитувчиларни имтиҳондан ўтказяпман. Ҳаммаси сўз беряпти, ишини кўрсатяпти, шунинг учун ишида қоляпти. Сўз беролмаган, ишини кўрсата олмагани бошқа иш излаяпти. Юқорида айтганимдек, туҳмат қилиш, устимдан ёзишидан қатъи назар институтга билими паст, таъмагир ходим керак эмас. Фанни билмаса, муттаҳам бўлса, у қандай қилиб талабаларга дарс бериши мумкин? У ўқитган талабалар эртага ким бўлади? Биз ёшларни шундай тарбия қилишимиз керакки, уларнинг хаёлига ўзлаштира олмаган фанни қайтадан ўқишдан бошқа нарса келмасин.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА

суҳбатлашди.