Янги тизимни жорий этиш ҳолати танқидий таҳлил қилинди
Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров вилоятимизда тажриба-синов тариқасида амалга оширилаётган соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги моделини жорий этиш борасидаги ишларни ўрганди.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 19 майдаги “Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида мамлакатимизда илғор хорижий тажриба асосида аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг янги тизимини жорий этилмоқда.
Бунда, аввало, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари, хусусан, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари, оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар, маҳалла тиббиёт пунктлари фаолиятини ягона ёндашув асосида ташкил қилиш орқали тиббиёт аҳолига янада яқинлаштирилмоқда. Аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишда оилавий шифокор улушини 70 фоизга етказиш, соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш ҳамда тиббиётда қоғозбозликни камайтириш орқали тиббиёт ходимлари иш юкламасини 30 фоизгача камайтириш кўзда тутилган. Ўз навбатида тиббиёт ходимларини самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичлари асосида моддий рағбатлантириш тизими жорий қилинмоқда.
Янги модел 2025 йил 1 июлдан республикамизнинг 15 та туман ва шаҳарларида, 2026 йил 1 январдан бошлаб эса тўлиқ Самарқанд вилоятида тажриба-синов тариқасида жорий этилди. Шу пайтгача вилоятдаги барча тиббиёт ташкилотлари хатловдан ўтказилиб, 347 та бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси ташкил этилди ва 93,2 фоиз аҳолининг тиббий маълумотлари DMED тизимига киритилди. Рақамлаштириш мақсадида тиббиёт муассасаларига 4 мингдан ортиқ компьютер техникаси ва муҳандислик қурилмалари ўрнатилди.
Соғлиқни сақлаш вазири вилоятдаги тиббий муассасаларда ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар билан танишиб, амалга оширилиши лозим бўлган масалаларга эътибор қаратди.
– Вилоятда тегишли вазифалар ижроси ҳолати куни кеча штаб йиғилишида батафсил кўриб чиқилган эди, энди муаммоларнинг асл сабабларини чуқур таҳлил қилган ҳолда зарур чораларни белгилаш лозим, – деди Соғлиқни сақлаш вазири А.Худоёров вилоят тиббиёти масъуллари билан ўтказган йиғилишда. – Энг аввало, айрим раҳбарлар ўз зиммасидаги масъулиятни чуқур англаб етмагани боис бир қатор туманларда тор соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш режалари ишлаб чиқилмаганини қандай изоҳлаш мумкин. Олис ва чекка ҳудудларда жойлашган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида оилавий шифокор ҳамда ўрта тиббиёт ходимларига эҳтиёж бўлса-да, раҳбарлар бунинг учун зарур чораларни кўрмаган, бошқармага мурожаат қилмаган.
Шунингдек, йиғилишда аҳоли билан битим тузиш кўрсаткичи етарли даражада эмаслиги, марказий лабораторияларни ташкил этиш, автотранспорт таъминоти, логистика, тиббий ускуналардан самарали фойдаланиш ва стоматология хизматини аутсорсингга беришда ҳам қатор муаммолар борлиги афсус билан таъкидланди.
А.Худоёров оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масаласига ҳам тўхталиб, мазкур йўналишда тиббий протокол ва стандартларга риоя қилинмагани юзасидан кескин эътироз билдирди. Шу билан бирга, эрта туғуруқнинг олдини олишда маҳалла билан ҳамкорликни янада кучайтириш, аҳоли ўртасида тарғибот ишларини кенгайтириш бўйича топшириқлар берди.
Тадбирда белгиланган вазифаларни амалга оширишда сусткашликка йўл қўйган туман ва шаҳар соғлиқни сақлаш бўлимлари раҳбарларига интизомий чоралар кўрилиши қайд этилиб, мавжуд камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиш юзасидан аниқ вазифалар юклатилди.
Ғ.Ҳасанов.