Янги туризм марказини кўриш истагидаги сайёҳлар кўпаймоқда

Яқинда Туркияда яшайдиган қариндошим қўнғироқ қилиб, Самарқанд шаҳридаги ўзгаришлар, “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази ва унинг ҳудудидаги “Боқий шаҳар” ҳақида сўраб қолди. Бу ердаги янгиликлар ҳақида унга фахрланиб гапириб бердим.

Аввало, ўзи, қолаверса, унинг туркиялик дўстлари, ҳамкасблари бу мажмуани томоша қилишни орзу қилаётганини айтди.

Дарҳақиқат, айни кунларда дунё эътиборига тушган сайёҳлик мажмуаси одамлар билан гавжум. Айниқса, кечки пайт ўн минглаб юртдошларимиз, шунингдек, хорижлик сайёҳлар ҳудуддаги “Боқий шаҳар”  мажмуаси ва мусиқали фавворани томоша қилиш учун боряпти.

- Наманган вилоятининг Учқўрғон туманиданман, - дейди Лолахон Исматуллаева. – Самарқандда янги бунёд этилган туризм марказини томоша қилиш учун оиламиз билан атайлаб келдик. Жуда чиройли дам олиш маскани бўлибди. “Боқий шаҳар” мажмуасини томоша қилсангиз, бутун Самарқанд шаҳрини айланиб чиққандек бўласиз. Эътиборли жиҳати, мусиқали фавворанинг ишга тушгани. Айниқса, кечки пайт бу ҳудудни пиёда кезган киши ўзини туризм соҳаси ривожланган мамлакатларнинг гўзал шаҳарларида юргандек ҳис қилади.

Маълумот ўрнида, "Буюк ипак йўли" халқаро туризм маркази эшиклари барча учун очиқ. Юртдошларимиз ва хорижлик сайёҳлар мазкур мажмуани томоша қилишлари мумкин. Мажмуага кириш бепул.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (сурат).