Янги усул афзалликлари
– Бугун дунё тиббиётида жарроҳлик амалиётларини имкон қадар кесмасдан бажариш усуллари қўлланилмоқда, – дейди Республика ихтисослаштирилган травмотология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази бўлими бошлиғи Шоҳайдар Шотурсунов. – Бу беморнинг умумий аҳволига зиён етказмасдан муолажанинг самарали бўлишини таъминлайди. Биз амалга оширган умуртқа поғонаси диск чурраларини плазмали нуклеопластика усули билан даволаш муолажаси ҳам кам инвазив жарроҳлик амалиётига киради. Маҳаллий анестезия қўлланилгани учун бемор ҳушини йўқотмай организмида олиб борилаётган тиббий амалиётни кузатиб туриши мумкин. Энг асосийси, ортиқча қон йўқотиш ва бошқа шу каби салбий ҳолатлар кузатилмайди. Бемор бир ҳафтада саломатлигини тиклаб иш фаолиятига қайтади. Биз бу усулни кореялик мутахассислар кўмагида ўрганиб, Тошкентда кенг йўлга қўйдик. Энди Самарқандда ҳам беморларни даволашда бу усулдан фойдаланилмоқда.
Замонавий усулдаги жарроҳлик амалиётини кенг жорий этиш мақсадида марказнинг уч нафар ходими хорижда тажриба ўрганиб келди. Эндиликда улар шу тизим асосида иш олиб боради.
А.Рўзимуродов умуртқа поғонаси бел-думғаза умуртқалари остехондрози VL4 – VL5 сегменти диск чурраси оғриқли синдроми билан марказ мутахассисларига мурожаат қилган. Даволаш муолажаларидан сўнг ҳам беморда оғриқ кузатилгач, унга замонавий жарроҳлик даволаш усули – перкутан плазма билан нуклеопластика муолажаси таклиф қилинди. У марказда замонавий муолажа усулида даволанган илк беморлардан бири бўлди.
– Ушбу беморнинг иш фаолияти доимий равишда тик туриб ишлаш билан боғлиқ бўлганлиги боис, умуртқа поғонаси бел-думғаза умуртқалари остехондрози эркин ҳаракатланишни чеклаб қўйган эди, – дейди марказ бўлим бошлиғи Фарҳод Ботиров. – Янги усулдаги жарроҳлик амалиётидан сўнг бемор ўзини яхши ҳис қилмоқда. Оёқ ҳаракатларидаги оғриқ ҳам тўхтаган. Ҳозирча 6 нафар беморнинг умуртқа поғонаси диск чурраси билан боғлиқ жарроҳлик амалиёти мазкур усулда ўтказилди.