Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Янги йил байрами кунлари истеъмолчиларга ёқилғи-энергия ресурсларини узлуксиз етказиб берилиши учун зарур чоралар кўрилади

Энергетика вазирлигида тизимда фаолият юритаётган барча корхоналар раҳбарлари иштирокида байрам кунлари истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда Янги йил байрами кунлари истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича ҳар бир корхоналарга зарур чора-тадбирлар белгилаб берилди ва унга асосан қуйидаги ишлар амалга оширилади.

Биринчи навбатда, нефть-газ ва кўмирни қазиб чиқариш, электр энергияси ҳамда нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича корхоналарда махсус штаблар ташкил этилди.

Электр энергиясини ишлаб чиқарувчи иссиқлик электр станциялар ва марказлар барқарор ишлашини таъминлаш учун кунига ўртача 47-48 млн/куб метр табиий газ етказиб берилади. Шунингдек, станциялар учун 70 минг тонна мазут ва 230 минг тонна кўмир ёқилғиси захираси яратилди.

Ҳудудлардаги барча кўмир омборларига кўмир маҳсулотини узлуксиз етказиб берилиши таъминланади.

Байрам кунлари истеъмолчиларга кунига ўртача 155 млн/куб метр табиий газ, 2 минг тонна суюлтирилган газ, 5000 тонна автобензин, 5000 тонна кўмир ҳамда 235 млн кВт-соат электр энергияси етказиб берилиши таъминланади.

Таъкидлаш керакки, байрам кунлари, жумладан, Янги йил байрамида электр энергиясига бўлган талаб сезиларли даражада пасаяди. Чунки таълим муассасалари ва бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари ўз фаолияти вақтинча тўхтади. Шу муносабат билан ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг асосий қисми аҳолига ва айрим ижтимоий соҳа объектларига йўналтирилади.

Агар тармоқларда носозлик ҳолатлари юзага келадиган бўлса, ҳудудлар бўйлаб электр ва газ таъминоти корхоналарида туну кун ишлайдиган 1200 дан ортиқ махсус бригадалар ташкил этилган бўлиб, улар муаммоларни тезкорлик билан бартараф этилишини таъминлайди.

Бу борада истеъмолчилар электр энергияси таъминоти юзасидан 1154 қисқа рақами ёки Телеграмдаги (@HET_admin) администраторга, табиий ва суюлтирилган газ таъминоти юзасидан 1104, 104 телефонлари ёки Facebook ижтимоий тармоғидаги гуруҳга ҳамда кўмир таъминоти юзасидан 78-148-30-03, 71-244-38-28 телефон рақамлари ва @Uzbekcoaluz_bot телеграм ботга мурожаат қилишлари мумкин.

Қайд этиш керак, байрам кунларида аҳоли истеъмолчилар электр энергияси ва табиий газ бўйича юзага келган қарздорлик учун тармоқдан узилмайди.

Эслатиб ўтамиз, истеъмолчилар ушбу ресурслар учун байрам кунлари ҳам онлайн равишда тўловларни амалга оширишлари мумкин.