Японияда Олимпия машъаласи эстафетасига старт берилди
Япониянинг Фукусима префектурасида Олимпия машъаласи эстафетаси бошланди. Бу ҳақда NHK телеканали 25 март, пайшанба куни хабар берди.
Антиковид чоралари фонида журналистларнинг иштироки чекланган. Маросим мусобақанинг ташкилий қўмитаси томонидан YouTubeда трансляция қилинди.
Эстафета J-Village футбол ўқув марказида бошланди. Биринчи машъала кўтарувчилар Япониянинг аёллар футбол жамоаси бўлди. 2011 йилда спортчилар Германиядаги жаҳон чемпионатида ғолиб бўлишган эди. Уларнинг маросимда иштирок этиши, худди префектура танланиши каби японлар учун чуқур рамзий маънога эга. Яъни, 2011 йилги ҳалокатли цунами ва «Фукусима-1» АЭСидаги авариядан кейин мамлакатни тиклаш тимсолидир.
Олимпия машъаласи эстафетаси Япониянинг барча 47 префектурасини айланиб ўтади ва 121 кунда Токиода якунланади. У ерда 23 июль куни Олимпия ўйинлари очилади.
20 март куни Олимпия ўйинлари чет эллик мухлисларсиз ўтказилиши маълум бўлди. Ташкилотчилар пандемия сабабли чекловлар жорий этишга қарор қилишди. Япония ҳукумати 90 минг хорижлик спортчи, мураббий, журналист ва ҳомий вакилларни қабул қилишни режалаштирмоқда.
Аввалроқ, 12 март куни ХОҚ (Халқаро Олимпия қўмитаси) томонидан Олимпиададан олдин спортчиларни COVID-19 га қарши эмлаш тавсия қилинган бўлса-да, бу уларнинг ихтиёри билан бўлишини эълон қилди. Кейинчалик, 24 март куни ХОҚ раҳбари Томас Бахнинг айтишича, жамоаларнинг катта қисми аллақачон эмланган, бошқалари ўз мамлакатида эмлаш мажбуриятини олган.
Токио Олимпиадаси 2020 йил 24 июлдан 9 августга қадар бўлиб ўтиши керак эди. Коронавирус пандемияси туфайли мусобақа бир йилга қолдирилди. Янги сана - 2021 йил 23 июлдан 8 августгача қилиб белгиланди. Шу билан бирга, «Токио-2020» ўйинларининг номланиши ҳам сақланиб қолди.
Г.ХОЛДОРОВА тайёрлади.