Япониянинг Нара шаҳри ҳокими - Самарқандда

Самарқанд ва Нара шаҳарлари биродар шаҳарлар бўлиб, бугун, 17 апрель куни Нара шаҳри ҳокими Ген Накагава бошчилигидаги делегация аъзолари Самарқанд шаҳрига ташрифи доирасида “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида бўлди.

Меҳмонларни университет раҳбарияти Марказий Осиёда ягона бўлган туризм ва маданий мерос соҳаларида халқаро даражада мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган олийгоҳ фаолияти билан яқиндан таништирди. Японияликларда университетнинг ақлли кампусидаги турк халқларига оид миллий кийимлар галереяси, расмлар кўргазмаси катта таассурот қолдирди.

Делегация аъзолари Туризм академияси фаолияти билан яқиндан танишди. Бу ерда Нара шаҳри ҳокими Ген Накагава ва Самарқанд шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаровнинг ҳамда япониялик ва самарқандлик бир гуруҳ тадбиркорларнинг ўзаро мулоқоти ташкил қилинди.