Ёднома: Ижодкор дўстим Ўктам Ниёзовни эслаб

Ўктам Ниёзов билан 1970 йилда кириш имтиҳонлари жараёнида танишдик ва бир-биримиз билан яқин бўлиб қолдик. 1-курснинг ўрталарида у уйланажагини, бўлажак турмуш ўртоғи Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти маъмуриятида ишлашини менга айтиб қолди.

Кўп ўтмай уларнинг тўйи бўлди. Унгача Ўктамнинг барча амакилари, ота-онаси билан қалин бўлиб қолдик. Айниқса, 1-курс якунида Ургут туманида Хивашунослик бўйича материал йиғишда жамоамиз айнан шу туманда қишлоқ хўжалик бўлими бошлиғи бўлиб ишлаётган отаси - Шермуҳаммад Ниёзов билан ҳам суҳбатдош бўлдик.

Хуллас, Ўктамнинг 2-курсда уйлантиришди. Шермуҳаммад ака Хўжасиҳат қишлоғидан 10 сотихча ер участкаси олиб, бир чеккасида ихчамгина уй-жой қурган экан. Ўктамни уйлантириб, келинни ўша ерга тушириб келди. "Ука, қалин дўст экансизлар, булар ўргангунча ҳовлининг бир бурчагидаги уйда сен ҳам тура қол", деди. Йўқ, демадим.

Ўктам билан дарсда ҳам, кечқурун ҳам бирга бўлардик, бирга китоб ўқиймиз, муҳокама қиламиз, шеър ва мақолалар ёзамиз. Дўстимнинг Зуҳрога бағишлаб "Дилрабо, ақлимни олдинг ноз билан, айлайин ишқимни ман дилроз билан", деган байтини нафақат мен, бутун гуруҳимиз яхши биларди. Гоҳида Хўжасиҳат атрофидаги токзорлардан челакка яхши узумларни териб келиб ердик. Шермуҳаммад ака ва турмуш ўртоғи ҳам сархил мевалардан келтириб беришарди. Зуҳро биринчи фарзандини кўрганда қайнонаси қарашгани келди-ю, мен ётоқхонага чиқиб кетдим.

Бу гапларни шахсий муносабатим борлиги учун айтмаяпман. Тўғри, Ўктам Ниёзов жуда танилган журналист эмас эди. Лекин ундаги қалб, ундаги одамгарчилик ҳаммада ҳам бўлавермасди. "Зарафшон" таҳририятида бирга ишладик, бирга ижод қилдик. Ака-укалари билан оғайни бўлиб кетдик. Ҳатто отаси "Ука, етти ўғлим бор эди, саккиз нафар бўлди", деганлари эсимда. Шермуҳаммад ака нафақага чиққач, гоҳида уйига чақириб мени шеърларимни ўқиб беришимни сўрар эди, Камолиддин Раҳимовнинг ашулаларини эшитишга, матнларнинг мағзини чақишга ундарди. Умуман, бу оилада эрталабдан кечгача маърифат ҳукмрон эди.

Ўктам Ниёзов билан талабаликдаёқ ихчам ахборотларга ҳаммуаллиф бўлдик. Таҳририятда ишлаганда ҳам жуда кўп воқеликларга бирга бориб келар эдик. Хусусан, курсдошлар билан учрашувлар ўтказиш, уларнинг кўнглини олиш иккаламизнинг зиммамизда эди. Тўй-маъракаларимизда доимо бош-қош эди. Эҳтимол шу туфайлидир, уни йўқотганимда бошқалардан кўра кўпроқ қайғуга тушганман.

…Ҳовлиси олдидаги кекса тут дўстлигимизнинг гувоҳи. Ўз қўлимиз билан экканмиз, ҳозиргача ҳосил беради. Ҳар йил ёзда биргаликда тутхўрлик қилардик, оила аъзолари ҳам шунга кўникиб қолган эди.

Ўктам камтар, ҳар даврада ўзининг жойини биладиган одам эди. Айниқса, оиласига, қизларига муносабатини кўриб, ҳавасим келарди. Укалари ҳам унинг сўзидан чиқмасди. Эҳтимол шу туфайли бўлса керак, бундай инсоннинг йўқлиги соғинчимни оширади. Майли, иш жойини ҳам, журналистикадаги хизматларни ҳам айтмоқчи эмасман, лекин бугун ана шундай оқил, ҳокисор инсонларга эҳтиёж туғиляпти.

"Зарафшон" газетасида ишлаган чоғимизда Ў.Ниёзов ҳеч кимга эркалик қилмасди. Чунки уни суяйдиган одам йўқ эди. Битта айби - узоқ йўл юришдан, болалардан узоқлашишдан қўрқарди. Шунинг учун ижодий сафарга борса ҳам кечқурун албатта уйга қайтиб келарди. Энди билсам, бу унинг турмуш ўртоғи Зуҳрога, фарзандларига жуда катта меҳр-муҳаббати экан.

Агар ҳаёт бўлганида Ўктам 70 ёшга тўларди. Лекин у бугун Зуҳронинг шириндан шакар қизларига, метин иродали куёвларига, бобосининг чироғини ёқаётган невараларига қўйган меҳр-муҳаббатида яшаб келяпти. Шаҳноза отасининг изидан бориб, Самарқанддаги оқила, тажрибали адабиёт муаллимларидан бирига айланди. Гарчи дўстимни соғинсам-да, ана шулар менга таскин беради.

Ўктамнинг жойлари жаннатдан бўлсин!

Фармон Тошев.