Йўл кира ҳақига марихуана

Қинғир ишнинг қийиғи чиқди. Пайариқ тумани Сорисув маҳалласида истиқомат қилган Қ.Нуруллаев ўзининг томорқасига 49 туп каннабис ўсимлиги экиб, парваришлаган.

Қ.Нуруллаев 2019 йил 11 ноябрь куни Самарқанд шаҳридаги “Олтин балиқ” ошхонасида овқатлангач, спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда чиқиб, такси тўхтатади ва ҳайдовчига уйигача олиб бориб қўйишини айтади. Етиб келгач, такси ҳайдовчисига ёнида пули йўқлиги сабаб йўл кира ҳақи эвазига 2 дона целофан пакетдаги 35,55 грамм марихуана гиёҳвандлик воситасини беради.

Аммо такси ҳайдовчисининг ҳушёрлиги унга панд берди. Ҳайдовчи бу воқеа ҳақида тегишли жойга хабар берди. Ушбу хабар асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан Қ.Нуруллаевнинг уйида ўтказилган тинтувда 606,2 грамм марихуана ва 4510 грамм (49 туп) каннабис гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Жиноят ишлари бўйича Пайариқ туман судининг ҳукми билан Қ.Нуруллаев озодликдан маҳрум қилинди.

Ш.Шарипов,

жиноят ишлари бўйича Пайариқ туман судининг раиси.