Йўл қурилишига Австралия технологиясини татбиқ этиш таклиф этилмоқда
Агар анъанавий қурилиш ишлари амалга оширилганида 1 навбатда 250 кв.м йўл қурилса, бу технологияда 5 минг кв.м йўл қурилишига эришилади. Йўл қурилиш харажатлари 1 квадрат метри 120 минг сўмдан 50 минг сўмга қисқаради, йўлдан фойдаланиш муддати эса 4 йилдан 15 йилга ошади.
Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги вилоят инновацион ривожланиш ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Алишер Норбоев Zarnews' га маълум қилди.
- Бу ишлар инновацион ҳудудга айлантирилаётган Ургут туманида амалга оширилади, - дея қўшимча қилди А.Норбоев. - Бундан ташқари, Австралия технологияси йўл қурилишининг экологик хавфсизлигини ҳам таъминлайди.
Шунингдек, инновацион ҳудудда алкотестер, автомобиллар учун SOS қурилмаси, автомобиль музлаткичлари, электрон турникет ишлаб чиқариш ҳамда Самарқанд вилояти кўзи ожизлар жамияти учун лойиҳалар мавжуд.
Ёшларни илм-фанга қизиқишини ошириш мақсадида “TexnoBus” мобил таълим платформасини жорий этиш кўзда тутилган. “TexnoBus” чекка ҳудудларда яшовчи ёшларнинг замонавий таълим йўналишларида билим олишлари учун мўлжалланган бўлиб, унда робототехника, дастурлаш, VR/Ar технологиялари, қайта тикланадиган энергия манбалари, 3D протиплаш, сунъий интеллект йўналишларида таълим берилади. Ушбу платформа Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан республиканинг ҳар бир ҳудудида босқичма-босқич ташкил этилаётган ёшлар технопаркларининг асосини ташкил этиш ва унда фаолият олиб борувчи иқтидорли ёшлар жамоасини шакллантиришга қаратилган.