Мистика: Ёлдор илон ҳамласи
Маннон ҳар кунги одати бўйича тонгги ибодатдан сўнг ҳовлиси ёнидаги йўл ёқасида жойлашган сўрига ёнбошлади. Йўл ҳар доимгидай гавжум. Челак, Иштихон томонлардан Самарқандга йўл олган йўловчилар албатта мана шу Ўклан қишлоғидан ўтади. Шу боис тонг қоронғусидан бошлаб қовун-тарвуз, узум ортилган араваларнинг ғичирлаши, мол, қўй ҳайдаган кишиларнинг ўзаро шовқин солиб гаплашиши Ўклан аҳлини уйғотиб юборади.
Манноннинг мадрасани тугатиб, қишлоғига қайтганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Ўзи ёш бўлса-да, шу атрофдаги қишлоқлар аҳолиси уни кучли илм эгаси, нафаси ўткир мулла сифатида ҳурмат қилади. Кўпчилик унинг дуолари боис шифо топганлиги учун ҳовлисидан одам аримайди...
Маннон йўлдан ўтаётган йўловчиларга бир қур назар ташлаб, пастга – узоқда кўриниб турган Кумушкент қишлоғига тикилди. У ерда Манноннинг энг яқин дўсти яшайди. Уларнинг ўзаро алоқа қилиш усули қизиқ: бир-бирини чақирмоқчи бўлишса, узун таёқнинг учига мато боғлаб силкитишади. Маннон бугун ҳам қишлоқ четидаги уйлардан бирида кўриниб турган узун таёқ учидаги матони илғади. Дўсти билан кўришмаганига анча бўлгани боис соғинганини ҳис қилиб йўлга тушди.
Кумушкент қишлоғига кираверишда одамларнинг тўп-тўп бўлиб дўсти яшайдиган маҳаллага бораётганлигини кўриб, таъзия бўлганлигини сезди. Хонадон соҳибларига таъзия изҳор қилгач, бир четдаги қарияларга қўшилди. Айтишларича, илгари шу қишлоқда яшаган бойлардан бирининг хазинаси тепаликдаги қабрлардан бирига кўмилганлиги маълум бўлгач, кекса-ю ёш бирдай ғимирлаб қолибди. Бугун мангуликка юз тутган шу йигит ҳам улардан бири бўлиб, бойлик умидида эски қабрлардан бирини ковлаётганда катта бир илон чақиб, омонатини топширибди. Бу яқиндан бери илон чақиб ўлган учинчи йигит экан.
“Эвоҳ! Наҳотки, бу воқеалар одамларга ибрат бўлмаса?! Олтин васвасаси қўлларига кетмон тутқазиб, кўзларини кўр қилган ва марҳумлар руҳини безовта қилишга ундаган бўлса?! Халқ орасида бир-биридан ваҳимали гапларга сабаб бўлаётган илон яна неча ёшнинг умр шамчироғини ўчирар экан? Бу қачонгача давом этар экан?!” Бу фикрлар марҳумни қабрга қўйгунча ҳам Манноннинг хаёлини тарк этмади.
Марҳумни қўйиб келишгач, қишлоқ кексалари Маннонни сўрига таклиф қилишди. У ёқ-бу ёқдан суҳбатлашиб ўтиришди. Ниҳоят қишлоқ кексаларидан бири гап очди: "Мулла, илмингиз борлигини биламиз. Шунча йил ўқидингиз. Энди уни амалда кўрсатадиган вақт келди. Мана, бугун ўзингиз кўрдингиз бир илоннинг ишини. Болаларимиз кечалари ташқарига чиқишга қўрқиб қолган. Ўзимиз ҳам хавотирда яшаяпмиз. Илтимос, шу илонни "ўқиб", қайтарсангиз. Кекса-ю ёш сизни дуо қилар эдик”.
Маннон бу гапга нима деб жавоб қайтаришни билмай, иккиланиб қолди. У шу вақтгача турли касалларни ўқиган, кўпчилик шифо топган, аммо бунақасига биринчи маротаба дуч келиб туриши эди. Маннон қарияларнинг гапини қайтара олмади.
У бу борада махсус ўқитилмаган бўлса-да, бундай ҳолатларда қандай дуолар ўқилишини эшитган. Қадимда илми тахсир, яъни бўйсундириш илми деб юритилувчи бу илмдан маълум кишиларгина хабардор бўлишган. Уни эгаллаш учун қирқ кун чиллада ўтирилган. Ғайбга маъқул бўлган кишиларгина бу илмдан баҳраманд бўлганлар. Маннон шуларни эслар экан, ўз кучини синаб кўришга аҳд қилди.
Кечга томон қишлоқ аҳолисининг кўпчилиги қизиқиш ва томоша умидида қабристон четидаги сайҳонликка тўпланди. Тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди. Ўйдим-чуқур жойлар текисланиб, майдон янтоқлардан тозаланди. Маннон тозаланган майдон ўртасига чиқиб, ишлатилмаган пўлат пичоқ билан доира шаклини чизди. Қоида бўйича доиралар сони ўн битта бўлиб, ҳар бирини чизишда “Ихлос” сураси ўқилиши лозим. Бу доира қадимда мандал деб юритилган бўлиб, айтишларича гўё кўринмас девор ҳосил бўлиб, доира ичидаги кишини ҳимоя қилар эмиш. Маннон ҳар бир амални тўла бажариб бўлгач, доира ўртасида ўтирди. Қиблага боққанча аста-секинлик билан дуо ўқий бошлади.
Ниҳоят уч соат тинимсиз ўқилган дуо ўз кучини кўрсата бошлади. Қабристонда ўсиб ётган, одам ўтиб бўлмас чангалу жийдалар орасидан билак йўғонлигидаги илонлар пайдо бўлиб, бирин-кетин Маннон ўтирган доира томонга ўрмалай бошлади. Ваҳимага тушган одамлар бир чеккага тисланишди. Илонлар доира атрофига тўпланиб, бошларини юқорига кўтаришганича дуо оҳангига мос ҳолда тебрана бошлашди. Маннон дуо ўқиш жараёнида уларни санашга улгурди. Ўн битта экан. Уларни бунчалик кўп бўлади, деб ўйламаган Манноннинг юрагига бир зум қўрқув оралади. “Ўрдага дуч келибман” деб ўйлаганча ўқишни давом эттирди...
Илонларнинг баъзилари тебранганча Маннонга қараб интила бошлади. Аммо чизиқдан ўтолмай, кўринмас деворга урилгандай орқага қайтардилар. Буни кўрган Маннон янада кучга тўлди ва ўқишга зўр берди. Орадан маълум вақт ўтгач, дуолар ўз самарасини бера бошлади. Илонлар тобора йўғонлашиб бораётганлигини кўрган Маннон вақт етиб келганини англади ва керакли бўлган сирли сўзни айтиб, уларга суфлади. Мўъжиза рўй берди. Илонлар бирин-кетин доира атрофига йиқила бошлади. Маннон енгиб чиққанини тушуниб, илонлар қимирламай қолгунча дуони тўхтатмади. Маннон уларга қараб туриб роса ҳолдан тойганини, чарчаганини ҳис қилди...
Манноннинг ҳар бир ҳаракатини кузатиб турган одамлар у томонга кела бошладилар-у тўсатдан яна шовқин-сурон билан орқага қараб чекиндилар. Маннон улар қўллари билан имлаб кўрсатаётган томонга қараб бир зум қотиб қолди. Елкасида худди гиламлардаги каби нақш солинган йўғон бир илон ҳеч нарсадан қўрқмай, ҳеч кимни писанд қилмагандай хотиржам ҳолатда вишиллаганча доира томонга ўрмалаб келмоқда эди. Илон доира олдига келиб тўхтади ва бошини юқори кўтарганча Маннонга тикилди. Мана ўша одамларнинг юрагига қўрқув солган ва деярли афсонага айланган илон! Буни кутмаган Маннон ҳаммасини бошидан бошлаши кераклигини тушунди ва ўқишни бошлади. У ўқиш давомида илоннинг кўзига қарамасликка ҳаракат қилди. Илон пастки айри лаблари орасидан қора лентасимон айри тилини чиқарганча аста-секин тебрана бошлади. Инсон ва илон ўртасида руҳий жанг, ҳаёт-мамот олишуви бошланди. Дуо таъсир қила бошлаши билан илон аста-секин шиша бошлади. Маннон тўсатдан аъзойи бадани қизиб кетаётганлигини, ўзи ҳам шиша бошлаганлигини, илон ҳам ўқиётганлигини сезди. Икки дуохон ўртасидаги руҳий олишув кучая борди. Кутилмаганда илон мандал чизиғини бузиб ўтди. Илоннинг чегарани бузиб, доирага кирганлигини кўрган одамлар кетмон ва белкуракларни кўтарганча муллага ёрдамга отилдилар.Буни кўрган илон доирадан чиқиб, тезда тепаликдаги тешиклардан бирига кириб ғойиб бўлди. Бир-икки киши ковлашга уриндилару яна ҳам юраклари дов бермади...
Маннон бу воқеалардан анча нарсани англади. Буларнинг ҳаммаси бежиз эмас. Илон албатта уни яна излаб келади.У ҳам дуохон, илонларнинг мулласи. Бу ҳам яратганнинг бир синови. Демак, катта жангга тайёрланиш керак. Маннон илк бор ўзининг руҳий қуввати ҳали маромига етмаганлигини ҳис қилди. Нимадир қилиш керак. Бу олишувда кетмону белкураклар иш бермайди. Бир нарса маълум. Навбатдаги олишув ҳаёт-мамот жанги бўлади. Ё у қолади, ё илон!
Маннон ўша кечаси Бухорога кетаётган савдогарларга қўшилиб жўнаб кетди.Бухородаги Баҳовуддин Нақшбанд зиёратгоҳидаги ҳужралардан бирига жойлашди. Илм аҳли, устозлар билан бўлган суҳбатлар, таҳсир илмига оид рисолаларни ўқиш уни чиниқтирди, руҳини тоблади.
Бир куни Самарқанддан Бухорога қўй ҳайдаб келган савдогарлар уни кўргани киришди. Гап орасида Самарқанддан чиқишда катта бир илоннинг гавдаси йирик ҳисори қўчқорлардан бирининг шохига ўралиб, устига кулча бўлиб ётгани, ундан қўрқиб ҳеч ким яқинлаша олмагани, илоннинг Бухорога киришда тўсатдан йўқолиб қолгани тўғрисида сўзлаб беришди. Буни эшитган Маннон мийиғида кулди. Демак, вақти етиб келибди. Бу ўша илон, уни излаб келган.
Тонгги ибодатдан кейин Маннон масжид орқасидаги майдонга чиқди. Мандал чизиқларини чизиб, доира ясади. У ўқишни бошлаши билан қабристон ичидан ўша илон чиқиб келди. Маннон кўрганданоқ уни таниди. У доирани айланиб чиққач, Маннонга рўбарў бўлганча бошини юқорига кўтарди, нақшларини кўз-кўз қилганча димоғини шиширди. Маннон энди ўзини анча босиб олган, дастлабки ўқигандаги илк ҳаяжонлари йўқ эди.
Шунинг учун илоннинг совуқ нигоҳидан заррача чўчимай ўқишни бошлади. Яна ўша ҳолатлар, қизиб кетиш, шишиш бошланди. Маннон буларга парво қилмай ўқишни давом эттирди. Иккиси ҳам роса ҳолдан тойдилар. Илон бир неча маротаба мандал чизиғини босиб ўтмоқчи бўлди-ю, аммо боши деворга урилгандек ортга йиқилиб тушаверди. Ниҳоят вақт етиб келганини руҳан ҳис қилган Маннон энди улканлашиб улгурган илонга сирли сўзни айтиб, дам урди. Илон чинқиргансимон овоз чиқариб, доира ёнига йиқилди. Маннон дуо ўқишда давом этиб, амалларни охиригача бажарди. Сўнг доирадан чиқиб, анча пучайиб улгурган илонни катта бир чуқур қазиб кўмди...
Кумушкентдаги дўсти вафотидан сўнг Маннон оиласини олиб Челак қўрғонига кўчиб кетди ва қолган умрини ўша ерда ўтказди...
Мен бу воқеани Маннон отанинг набираси раҳматли Ҳамроқул ота Манноновдан эшитгадим. Буни қоғозга туширишдан олдин роса ўйладим, юз йиллар олдин содир бўлган бу воқеани кўз олдимда жонлантиришга ҳаракат қилдим ҳамда бадиийлик бўёғи ила имкон қадар безаб, ҳукмингизга ҳавола қилдим.
Толиб Жўраев.