"Ёмон бўлади". Болалигимизда бадхулқ ишлардан қайтарувчи сеҳрли бу сўз бугун тарбия луғатидан ўчирилдими?

Аввал мундиалда, кейин Осиё чемпионатида 

2018 йил Россияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида қатнашган японларнинг натижаси мухлисларни хурсанд қилди. Айниқса, чемпионликка даъвогар Бельгияга қарши ўйин мағлубият билан тугаган бўлса-да кутилмаган биринчи тайм барчанинг ҳайратига сабаб бўлди. Ишқибозлар бу ўйин таҳлилига ташна эди. Аммо эрталабки хабарларда оммавий ахборот воситалари фақат бир нарса ҳақида гапирарди: стадион ходимларининг айтишича, ўйиндан сўнг япон футболчилари ечиниш хонасини чиннидек тоза қилибди.

2019 йил Ўзбекистон терма жамоаси ҳам Осиё чемпионатида японлар мундиалда қилган ишни қилди (футболда эмас албатта). Ўзимизникиларнинг айтишича, охирги учрашувдан сўнг ечиниш хонасини саришта қилиб қўйибди. Бизникилар японларга тақлид қилгани учунми, ҳарқалай бу ҳақида гапирилмади, бу иш ҳеч кимни ҳайратлантиргани ҳам йўқ. Аммо кўпчиликнинг кўнглига бир нарса таскин берди: ҳеч бўлмаса тозаликда ўрнак бўлишибди-ку. 

Бухоролик немислар

Таниқли ижодкор Султонмурод Олим бир суҳбатида Германияга борганида шаҳардаги озодаликни кўриб ҳавас қилганини айтади. Ҳеч бир жойда на сигарета қолдиғи, на писта пўчоғи, на сувдан бўшаган идишни кўрган. Буни Бухородаги ҳолат билан солиштиради. Шоир агар бу озода шаҳарга бухороликларни олиб келиб қўйса нима бўларди, деган саволни беради ўзига ва ўзи жавобини айтади: худди Бухородаги ҳолат, яъни ҳар жойда сочилиб ётган чиқинди ва бетартиб тандир-ўчоқларни кўз олдига келтиради. Немисларни бизга олиб борса-чи... Демак, озодалик инсон онгидан бошланиши лозим, деган тўхтамга келади шоир. 

Хориж қандай йўл тутяпти?

Биз ҳавас билан гапирадиган ўлкаларнинг ютуғи чиқинди бўйича қонун-қоидаларнинг мукаммал ишлаб чиқилгани ва самарали назорати, тозалик борасида аҳолининг маданияти ва бу ишларда  кишиларнинг бир-бирига ибрат кўрсатишида бўлса ажабмас.   

Масалан, Австрия ҳукумати кўчага чиқинди ташловчиларга қарши кескин чораларни жорий этган. Жамоат жойида бўш шишани қолдирган киши 90 евро жарима тўлайди, кўчага чиқинди ташлаш тақиқланган. Сингапурда чиқиндини белгиланмаган жойга ташлагани учун жарималар катта. Кўчада тупуриш, сақич чайнаш ва йўл-йўлакай нимадир еб кетиш қонун билан тақиқланган. Ушбу ҳаракатларнинг ҳар бири учун 700-800 Сингапур долларигача жарима солинади. Германияда чиқиндини махсус қутига ташламагани аниқланган қонунбузарга 100 еврогача жарима қўлланилади. Сигарета қолдиғи, чанқоқбосди ичимликлар идишини ерга ташлаш 20 евро, овқат қолдиғини дуч келган жойга улоқтириш 30 евро миқдорида жарима жазосига сабаб бўлади. Жарима деган сўз ёқимсиз эшитилиши мумкин, албатта. Аммо биргина эътиборсиз кишининг ножўя ҳаракати минглаб одамларнинг кайфиятига, соғлиғига салбий таъсир қилса-чи? 

Қилинаётган ишларнинг натижаси фақат маблағга боғлиқми?

Ўтган йили французлар иштирокида Самарқанд шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндиларнинг бошқарувини модернизация қилиш лойиҳасини амалга ошириш бошланганди. 37 миллион евродан ортиқроқ маблағ сарфланиши кўзда тутилган лойиҳа мутахассислар фикрича, чиқиндиларни рақамли, яъни ақлли бошқаришнинг самарали ечими бўлади. Шаҳримизда туризмни ривожлантириш мақсадида бу жабҳада доимий изланиш ва амалий ишлар олиб борилаётгани рост.

Аммо қўлидаги турли ичимлик ва егуликдан бўшаган пластик идиш ёки полиэтилен пакетларни дуч келган томонга улоқтираётган айрим ҳамшаҳарларимиз онгида озодалик тушунчасига жой топилмас экан, чиқиндиларни ақлли бошқаришнинг наф беришига ишониш қийин. Тозаликка масъул шахсларнинг саъй-ҳаракати билангина бу муаммони ҳал этишнинг имкони йўқлиги кундан кун ойдинлашмоқда.  

Барчасига жавоб урф-одатларимизда

Поклик иймоннинг ярми, дейилган муқаддас китобларимизда. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз: «Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан қўрқинглар», деганлар.

Янги келин тушган хонадон эшиги олдини эрта тонгдан супуриб, озода қилиб қўйиши, ҳайитларда қўшнилар биргаликда ҳовли, ички кўчаларни тозалаши, турли сабаблар билан ўтка зиладиган ҳашарлар, буларнинг бари урф-одатларимизнинг жон томири. Аммо негадир тозалик бизда борган сари жиддий муаммога айланяпти.    

Илгарилари одамлар ариқ сувидан ичарди. Бугун маҳалла оралаб оқиб ўтадиган ариқдан сув ичиш тугул сувнинг юзига қараб бўлмайди. Ота-оналаримиз чиқиндини ариққа супурма, сувга тупурма, кўчага ахлат ташласанг ёмон бўлади, деб қайта-қайта уқтирар эди. Ана шу ёмон бўлади деган сўз бизга инсонийлик чегарасини кўрсатиб турган. Ёки болалигимизда бадхулқ ишлардан қайтарувчи сеҳрли бу сўз бугун тарбия луғатидан ўчирилганми?

Сулаймон Мардиев.