Ёш мутахассис – олийгоҳларнинг билимли битирувчилари давлат ташкилотларида ишлаш учун қандай танлаб олинади?

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов шу йил 21 октябрда “Самарқанд вилоятидаги давлат орган ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимият органлари томонидан ёш мутахассисларни танлаш Намунавий дастури”ни тасдиқлади.

Унга кўра, олий таълим муассасаларининг битирувчи курсларида ўқиётган қобилиятли ёшларни саралаб олиш, уларнинг тизимида стажировкаси ташкил этиш ва кейинчалик захирага киритиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади.

Мазкур Дастурнинг мақсади давлат хизматига кадрлар танлаш ва истиқболли кадрларни тайёрлашни тизимли йўлга қўйиш ҳамда олий таълим муассасалари битирувчиларини давлат хизматига жалб қилиш самарадорлигини оширишдан иборат.

Дастур вазифалари эса олий таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари ва давлат хизмати ўртасида интеграциясини йўлга қўйиш, энг салоҳиятли ва билимли битирувчиларни селекция қилиш, талабгорларни вазирлик ва идораларга, маҳаллий ҳокимикларга стажировка ўташ учун йўналтириш ҳамда “Устоз-шогирд анъанаси” асосида тажрибали устоз-менторларга бириктириш ҳамда стажировкани муваффақиятли якунлаган битирувчиларни танлов (суҳбат) асосида давлат хизматига ишга қабул қилиш саналади.

Олий таълим муассасаларининг битирувчи курсларида ўқиётган қобилиятли ёшларни саралаб олиш танлови ўтказилади. Бу танловни давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимият органлари томонидан Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят бўлими билан ҳамкорликда ташкил қилади ва ўтказади.

Бунинг учун, аввало, давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимият органлари ўз расмий веб-сайтларида танлов ўтказиш ҳақида эълон қилади ва танлов тўғрисида тарғибот ишларини амалга оширади.

Танловда иштирок этиш учун талабгорлар қуйидаги мезонларга мос келишлари лозим:

- ўттиз ёшдан ошмаган (ўттиз бир ёшга тўлмаган) битирувчилар;

- битирувчининг ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 71 ва ундан юқори фоиз бўлиши (магистратура босқичи бир йил этиб белгиланган олий таълим муассасалари магистрантлари учун бакалавр босқичидаги умумий кўрсаткичи 71 ва ундан юқори фоизи ҳисобга олинади).

Давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимият органлари томонидан танловда иштирок этиш учун талабгорлардан аризалар онлайн шаклда (телеграм бот/электрон почта/виртуал мурожаат) қабул қилинади.

Талабгорларнинг Конституция, давлат фуқаролик хизмати ва коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги қонунчилик, давлат тили ва ахборот теҳнологиялари бўйича билим даражасини аниқлаш учун давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимият органлари томонидан махсус тест синови ўтказилади.

Тест синовлари давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимият органлари томонидан ҳамкорлик қилинаётган олий таълим муассасасининг махсус компьютер хоналарида ўтказилади. Тест синовида 71 ва ундан юқори балл тўплаган талабгорлар тегишли давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимият органларида тузилган махсус комиссия томонидан суҳбатдан ўтказилади.

Талабгорларнинг кўрсаткичлари махсус комиссия томонидан баҳоланади. Баҳолаш натижаларига кўра, синовлардан муваффақиятли ўтган талабгорлар давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимият органларида стажировка ўташга қабул қилинади.