Ёшлар етакчисига сектор раҳбарлари томонидан хатлов ишларига жалб қилиш бўйича тазйиқ ўтказилмаган

Ижтимоий тармоқларда “Ўқитувчилар ва ёшлар етакчилари сектор раҳбарларининг босимига учради. Улар оммавий хатловда” мазмунида мурожаат элон қилинди.

Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:

Пахтачи туманида жорий йилнинг 28 октябрь кунидан бошлаб маҳаллаларда истиқомат қилувчи ёшлар ва аёлларнинг ижтимоий турмуш тарзини яхшилаш, уларни қийнаб келаётган муоммоларни бартараф этиш, бандлигини таъминлаш, асосийси, ёшлар ва аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида секторлар кесимида тумандаги 59 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 30 172 та хонадонларда “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”ни шакллантириш ҳамда электрон базага киритиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Жойларда ўтаётган хатлов жараёнларига “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”ни шакллантириш бўйича Республика намунавий ишчи гуруҳига ёшлар етакчиси киритилганлиги учун ихтиёрийлик асосида фақатгина умумий ўрта таълим мактабларининг ёшлар етакчилари жалб қилинган.

Бирорта ёшлар етакчисига сектор раҳбарлари томонидан хатлов ишларига жалб қилиш бўйича топшириқ ва тазйиқ ўтказилмаган.

3 ноябрь куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти кенгаши ўтказган очиқ мулоқотда етакчилар томонидан норозилик кайфиятидаги мурожаат билдирилмаган. Ушбу учрашувда масъуллар томонидан мурожаатлар бўлса, айтилиши ва уларни ҳар томонлама ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва барча шарт-шароитлар яратиб берилиши таъкидланган.

Шу ўринда, мазкур хатлов жараёнлари мамлакатимиз аҳолисининг асосий қатламини ташкил этувчи ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида олиб борилаётган амалий ишларнинг узвий давоми эканлигини, ёшлар етакчисининг сектор раҳбарлари ва бошқа шахслар томонидан мажбурий меҳнатга жалб қилинишига йўл қўйилмаслигини, шу каби ҳолатлар юзага келган тақдирда Ёшлар ишлари агентлигининг вилоят бошқармаси ҳамда ёшлар иттифоқининг вилоят кенгашига мурожаат қилишлари лозимлигини сўраймиз, дейилади Ёшлар ишлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизмати маълумотида.

Мурожаат учун телефонлар:

(66) 233-40-56

(66) 233-47-29