Ёшлар фестивали янги истеъдод эгаларини кашф этмоқда

Ёшлар фестивали доирасида Самарқанд шаҳридаги 3-болалар мусиқа ва санъат мактабида маданий тадбир ташкил этилди. Унда Нуробод тумани Тим қишлоғидан келган Исломбек Сайим бахши ўғли “Янги Ўзбекистоним” номли термадан парча куйлади.

- Бобом Мамай бахши нарпайлик Ислом шоирнинг шогирди бўлган, - деди Исломбек Мамаев. – Бобом дўмбирасини отамга топширган. Отамдан мен олмоқчиман. Келгусида турли фестиваль ва танловларда қатнашиб, ўзбек бахшичилик санъатининг довруғини дунёга таратаман. Бобомнинг орзуси бўлган, аммо ҳали унчалик танилмаган Тим достончилик мактаби фаолиятини ривожлантириш асосий мақсадимдир.

***

Самарқанд шаҳридаги ёшлар маркази биносида “Муваффақиятга эришиш сирлари” мавзусидаги тадбиркор ва ёшлар учрашувда Самарқанд туманида яшовчи тадбиркор Абдужаббор Умаров иштирок этди. У тадбиркорлик фаолиятини бошлаш арафасида турган ёшларга ўз тажрибаларини ўргатди.

***

Оқдарё туманидаги 40-умумий ўрта таълим мактабида “Ким юртига содиқ бўлса, мендирман ўша!” шиори остида бўлиб ўтган учрашувда ўқувчи-ёшларга Ватан ҳимоячисининг вазифалари, буюк саркарда Жалолиддин Мангуберди жасорати ҳақида сўзлаб берилди. Ҳарбийларнинг жанговор чиқишлари, қурол-аслаҳалар кўргазмаси ўқувчиларда катта таассурот қолдирди.