“Ёшлар - халқимизнинг олтин фонди”

Бу Президентимизнинг гаплари. Давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан очиқ мулоқотида иштирок этиш бахти менга ҳам насиб қилди.
Бу кун нафақат мен, балки бутун Ўзбекистон ёшлари учун тарихий ва эсда қоларли кун бўлди. Давлатимиз раҳбари бизга “Ёшлар халқимизнинг, Ватанимизнинг олтин фонди”, дея ишонч билдирди.
Ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, айниқса, хотин-қизлар ва ишсиз ёшлар масаласига алоҳида эътибор бериб, бир қатор ташаббусларни илгари сурдилар. Олий таълим муассасасида таҳсил олаётган бахтиёр талаба сифатида мени қувонтиргани давлатимиз раҳбарининг олий таълимни битираётган ёшлар бандлиги учун қайғураётгани бўлди.
"Келажакка қадам" дастурининг Миллий банк билан ҳамкорликда амалга оширилиши эса талаба-ёшларимиз учун муҳим янгиликдир. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун ҳам таълим эшиклари очилди. "Ёрқин истеъдод" лойиҳаси асосида энди эҳтиёжманд оилалар фарзандлари ҳам бемалол олий таълимни давом эттира олишади. Ташкил этиладиган аниқ механизмлар оддий оила фарзандини олий маълумотли қила олишнинг ёрқин кўринишидир.
Очиқ мулоқотда Президентимиз: “Битта қизни ўқитсак бутун оилани ўқитган бўламиз. Оилалар билимли, маърифатли бўлса, бутун жамият маърифатли бўлади”, дея алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, адабиётсеварларнинг севимли нашри бўлган "Ёшлик" журналининг фаолияти кучайтирилиши айтиб ўтилди ва учрашувда сўзга чиқиб, китобхон, ёш адабиётшунос сифатида бу ҳаракатни амалга оширишда ўз ҳиссамни қўшишга аҳд қилганимни айтдим.
Янги Ўзбекистоннинг келажак бунёдкорлари эканмиз, Президентимиз таъбири билан айтганда, “Муаммодан муваффақиятга томон ҳаракатланишимиз керак”лигини англадим.
Маҳлиё ЎРОҚОВА,
Ўзбекистон миллий университети талабаси, пахтачилик “Ёш китобхон” танлови ғолиби.