Ёшларнинг хатоси аслида бизники

Инсон нима учун ривожланишга ҳаракат қилади? У нега яшаш учун ўз олдига мақсад қўяди? Мақсадга эришиш учун қандай йўл тутилади? Одоб-ахлоқ қоидалари одам учун яратилганми?! Ҳар биримиз ушбу саволларни аввало ўзимизга бериб, жавобини эса узоқдан қидирмаслигимиз керак.

Инсоннинг ҳаракатларини бошқарувчи куч ғоя ҳисобланади. Ғоя эса ўз навбатида мафкуранинг негизини ташкил этади. Мафкура бевосита ва билвосита жамиятни бошқариш қудратига эга. Ғоя ҳам, мафкура ҳам икки томонлама, яъни бунёдкор ва вайронкор бўлиши мумкин. Хатто маданиятни ҳам шундай таърифласак бўлади. Аммо маънавиятнинг зидди мавжуд эмас. Маънавият ҳар доим бунёдкор ғояларга хизмат қилган.

Бугунги кунда маънавий ва мафкуравий ҳужумларнинг кўлами, усули ва сифати ошиб бормоқда. Тарғибот усуллари замонавий кўринишга эга бўлиб, жуда кичик аммо самарали контентларни ижтимоий тармоқ ва оммавий ахборот воситалари кўмагида ёритиш орқали амалга оширилмоқда. Аммо...

Маълумотларга кўра, 2024 йил якуни бўйича Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари сони 21 миллион нафардан ортиқ. Бу эса аҳолининг 60 фоиздан кўпроғини ташкил этади. Бугунги кунда биргина телеграм ижтимоий тармоғидан 18 миллион нафарга яқин аҳоли фойдаланмоқда. Бундай натижа билан Ўзбекистон дунёнинг кучли ўнлик мамлакатлари сирасига киради. Бу фахрланишдан кўра кўпроқ ачиниш ҳиссини беради. Зеро, биз ижтимоий тармоқ ва мобил қурилмаларга алоқа воситаси сифатида эмас, балки ҳаётимизнинг бир бўлаги сифатида қарамоқдамиз. Кунимизнинг ўртача чорак қисми ижтимоий тармоқлардаги фикрлашдан чалғитувчи, инсонни онгсизликка бошловчи контентларни кўриш билан ўтмоқда.

Аҳолимизда, хусусан, ёшларда медиасаводхонлик ҳамон паст даражада, бу эса сохта янгиликлар, манипуляция ва ахборот хуружларга нисбатан заифликни келтириб чиқармоқда. Хўш, нега айнан “хусусан ёшларда”, деймиз?

- Қаерда хато ва камчиликнинг гувоҳи бўлсак, бунга сабабчи қилиб кўпроқ ёшларимизни кўрсатишга ўрганиб қолганмиз, - дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Зубайдулла Ибрагимов. – Аслида “Қуш уясида кўрганини қилади!” Шундай экан оилада фарзандларимизга биз, каттал намуна бўлишимиз керак эмасми? Кунимизнинг ўртача 6 соати ижтимоий тармоқларни кузатиш билан ўтадиган бўлса, шу вақтнинг қанчадир қисми беҳуда сарфланмаяпти, деб ким айта олади? Қолаверса, фарзандларининг ёнида, уларни тарбияси билан шуғулланиш ўрнига ўз телефонига тикилиб, кўп вақтини ҳавога учираётганлар кам эмас, афсуски.

Бугун ижтимоий тармоқларда ёш авлоднинг, ҳатто катталарнинг ҳам вақтини беҳуда сарфланишига сабаб бўлаётган, асосийси, уларнинг онгига салбий таъсир кўрсатувчи контентлар талайгина. Аввало, кишини эзгуликка етакловчи, маънавиятини бойитадиган ижтимоий видеороликларни кўпайтиришимиз керак. Агар бу иш қўлимиздан келмаса, хусусан, ижтимоий тармоқлардаги қайси саҳифаларни кузатиш наф келтиради-ю, қай бири зарар эканлигини аввало, ўзимиз англаб етишимиз ва буни фарзандларимизга ҳам тушунтиришимиз мақсадга мувофиқдир.

Алижон Собиров,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

вилоят бўлими мутахассиси.