Ёзма нутқ кўникмаларини қандай ривожлантириш мумкин?

Чет тилини ўрганаётган аксарият талабалар ўқиш, гапириш, эшитиш маҳорати яхши бўлса-да, кўпинча ёзишдан паст баҳо олади. Муаммо шундаки, ўқитувчи кўпинча талабанинг қаерда қийналаётганини, яъни луғат бойлигидами, грамматик қоидалар ёки фикрларни боғлашда муаммога дуч келяптими билмайди. Талабанинг камчиликлари семестр якунида, у барча топшириқларни бажарганидан кейин маълум бўлади. Бу вақтга келиб эса ёрдам беришга вақт етмайди.

Мана шу ерда муҳим ёрдамчи — бу педагогик диагностика тизими бўлади, чунки педагогик диагностика таълим жараёнини доимий равишда текшириш, баҳолаш ва тўғрилашга қаратилган аниқ тизим ҳисобланади. У ўқитувчига ҳар бир ўқувчининг тил ўрганиш жараёнидаги кучли ва заиф томонларини аниқ кўрсатиб беради. Муҳими, педагогик диагностика орқали ўқувчи ўқиш мобайнида доимий равишда ўзининг ютуқ ва камчиликларини билиб бориш имкониятига эга бўлади. У қаерда хато қилаётганини аниқ кўрганидан сўнг, ўқитувчи ўқувчининг шахсий эҳтиёжларига мослашган ҳолда педагогик коррекция (тўғрилаш) орқали уни бартараф этиб боради. Бу узлуксиз жараён ўқувчининг билим олишдаги қийинчиликларини бартараф этишга ёрдам беради.

Тилшунослар ва методистлар ёзув кўникмасини ривожлантириш учун кўплаб усуллар, масалан, грамматика машқлари ёки шаблон сўзларни ёдлашни қўллаган бўлса, педагогик диагностика методикаси ёзма нутқ маҳоратини оширишда тўлиқ ва тизимли ёндашув сифатида янги усул ҳисобланади. Биз айнан педагогик диагностиканинг бу ноёб имкониятларини ёзиш маҳоратини оширишга йўналтирамиз.

Педагогик диагностика матн ёзиш жараёнида хатоликнинг илдизини (масалан, мантиқий боғланиш ёки луғат танлашдаги аниқ бир заифлик) аниқлайди. Натижада, талаба ўз устида онгли равишда ишлашга ўрганади, хатолари узоқ вақт сақланиб қолмайди ва ёзиш маҳорати тезроқ, самаралироқ ривожланади.

Алишер РУСТАМОВ,

Самарқанд давлат чет тиллар

институти ўқитувчиси.