ЙПХ ходимига жаҳл қилган ҳайдовчи "Матиз"ини ёқиб юборди
Ижтимоий тармоқларда "Матиз" автомобилининг йўл четида ёнаётган ҳолати ифодаланган видеолавҳа тарқалди. "Матиз"ни ўз эгаси қасддан ёқиб юборгани айтилмоқда. Бу юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати расмий муносабат билдирди.
Видеолавҳада йўл четида ёнаётган "Матиз" атрофида тумонат одам тўплангани, ўт ўчирувчиларнинг оловни ўчириш билан бандликларини кўриш мумкин. Видео остида қолдирилган изоҳларда эса ЙПХ ходими билан муросага келолмаган ҳайдовчи ўз бошқарувидаги автомобилни қасддан ёқиб юборганлиги ҳақида билдирилган.
Тошкент ИИББ маълум қилишича, ҳодиса 2020 йилнинг 1 январь куни Янгийўлда содир бўлган. "Матиз" автомобили шаҳар деҳқон бозори олдидаги тўхташ таъқиқланган жойда тўхтаб турган. Шаҳар ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан автомашинага тегишли ҳужжатлар сўралган-да, ҳайдовчи улар билан қўпол муомалада бўлиб, ҳужжатлари йўқлигини айтган.
Ходимлар қонунда белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштириб, автомобиль жарима майдончасига олиб борилишини айтишган. Ҳайдовчи эса ходимларга нисбатан ўзини ғайритабиий тутиб, жаҳл билан автомобилнинг олд капотини очган ва унга ўт қўйиб воқеа жойидан қочган.
Ёнғин зудлик билан Янгийўл шаҳар ёнғин хавфсизлик хизмати томонидан бартараф этилган.
Қўшимча аниқланган маълумотларга кўра, ҳайдовчининг ҳодиса жараёнида оилавий можаролар сабабли асабий ҳолатда бўлгани айтилади. Айни дамда ФВВ ЁХБ томонидан қўшимча суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.