Юксалишнинг янги босқичи

Ҳар қандай ҳудуднинг барқарор иқтисодий тараққиёти, аввало, инвестиция муҳитининг жозибадорлиги, ишлаб чиқариш салоҳиятининг юксалиши ва ташқи бозорларда муносиб ўрин эгаллаш имкониятлари билан белгиланади.

- 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги натижалари вилоятимизда бу йўналишдаги ислоҳотлар самараси ҳам юқори эканини кўрсатди, - дейди вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Шербек Бўронов. - Жумладан, ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида қиймати 263,2 миллион доллар бўлган 350 та лойиҳа фойдаланишга топширилди. Ушбу лойиҳаларнинг 79 таси саноат соҳасига, 202 таси хизматлар йўналишига, 69 таси қишлоқ хўжалиги тармоғига тўғри келади. Янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларининг ишга туширилиши натижасида 4361 та янги иш ўрни яратилди.

Ҳисобот даврида Нуробод туманида “Nanjing Cement Group” масъулияти чекланган жамияти томонидан қиймати 63,5 миллион доллар бўлган цемент заводи ишга туширилди. Йиллик қуввати 1 миллион тонна бўлган мазкур корхона қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ички бозор эҳтиёжини қондириш ва 200 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш имконини берди.

Самарқанд вилоятининг инвестициявий жозибадорлигини оширишда хорижий сармояларни жалб этиш муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади.

Жорий йилда вилоят иқтисодиётига 4,4 миллиард долларлик хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ва умумий қиймати 10 миллиард доллар бўлган 189 та йирик лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Йилнинг биринчи ярмида 1,2 миллиард доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди.

Жумладан, Булунғур туманида “Yangi Osiyo xalqaro biofarmasevtika” масъулияти чекланган жамияти томонидан 30,7 миллион долларлик, Иштихон туманида Самарқанд халқаро коллежи томонидан 18,9 миллион долларлик хорижий инвестиция лойиҳалари амалга оширилди.

Бу каби ташаббуслар иқтисодиётнинг янги тармоқларини ривожлантириш, замонавий билим ва технологияларни жалб қилиш ҳамда юқори малакали кадрлар учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилмоқда.