Юриш, бадантарбия – саратонга қарши курашнинг энг самарали усули
Самарқанд шаҳрида саратон касаллигининг олдини олишга бағишланган оммавий юриш марафони ўтказилди.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали ташаббуси билан “Соғлом турмуш тарзи саратон касаллигининг олдини олишда ишончли кафолатдир” шиори остида ташкил этилган марафонда 400 нафардан ортиқ тиббиёт ходимлари иштирок этди.
Марафонда Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғи ҳудуди бўйлаб 5 километр масофада юрилди.
- Бугунги кунда ҳар қандай касалликнинг олдини олишнинг энг самарали усули соғлом турмуш тарзига амал қилишдир, - дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали болалар онкологи Баҳодир Бойқобилов. – Шу жумладан, онкологик касалликларда ҳам. Соғлом турмуш тарзи, деганда кўпчилик тўғри овқатланиш, гигиеник талабларни тушунади. Бу жараёндаги муҳим талаб – эрталабки бадантарбияни бажаришга кўпчилик ҳафсала қилмайди. Шу боис бугунги марафонни айнан онкологик касалликларнинг олдини олишга бағишладик. Бу орқали халқимизни соғлом ҳаётга чорлаб, бадантарбия машқларини оммалаштиришга ўз ҳиссамизни қўшишни мақсад қилганмиз.
Юриш марафони иштирокчилари белгиланган масофани босиб ўтгач, енгил бадантарбия машқларини бажаришди. Тадбир якунида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали томонидан онкологик касалликларнинг олдини олишга бағишланган буклетлар тарқатилди.
Алишер ИСРОИЛОВ.