"Зарафшон" миллий табиат боғидаги ёнғин қасддан содир этилган бўлиши мумкин
Шу йилнинг январь ойида мазкур боғнинг Олмазор маҳалласи ҳудудида ёнғин содир бўлиб, табиатга 120 миллион сўмлик зарар етказилгани маълум бўлган эди.
Афсуски деярли ҳар йили қўриқхона ҳудудида ёнғин ҳодисалари бўлиб туради. Аммо бу йилги ёнғин қишда содир бўлгани кўпчиликда офат сабаблари юзасидан савол уйғотганди.
Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи иштирокидаги матбуот анжуманида бошқарма бошлиғи Илҳом Исмоилов шу ҳолатга тўхталиб ўтди. Айтилишича, миллий боғ ҳудудида содир бўлган ёнғин қасддан амалга оширилган бўлиши мумкин. Бу бўйича жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда. Тергов жараёнлари Бош прокуратура назоратига олинган.
Умуман, ўтган йил давомида Самарқанд вилоятида ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган уч мингдан зиёд раҳбар, масъул шахслар ва фуқаролар маъмурий жавобгарликка тортилган. Вилоятда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасидаги мавжуд муаммо ва камчиликлар юзасидан ҳокимликларга 600 дан зиёд ахборотнома ва тақдимномалар киритилган.