Зарафшон миллий табиат боғининг кейинги тақдири нима бўлади?
Ноёб ўсимлик ва ҳайвонот турлари сақланаётган, ўзига хос ландшафтга эга, қарийб 2,5 минг гектар майдонни эгаллаган боғда кейинги пайтда дарахтларнинг кесилиши, ёнғинлар, тадбиркорлар томонидан ноқонуний қурилишлар кўп кузатилди.
Ушбу муаммоларга ечим топиш, ҳудудни экотуризм масканига айлантириш мақсадида 2022 йилда боғ Ўрмон хўжалиги қўмитаси ва вилоят ҳокимлиги тасарруфидан ҳозирги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги тасарруфига ўтказилди. Хўш, шундан кейин миллий боғда нималар ўзгарди? Ҳудудни экотуризм масканига айлантириш учун қандай ишлар қилинди?
Зарафшон миллий табиат боғида бўлиб, ана шу саволларга жавоб изладик.
- Боғнинг умумий ер майдони 2426,4 гектар бўлиб, қўриқхона, рекреация, хўжалик ва бошқа мақсадларда фойдаланиш зоналарига ажратилган, - дейди Зарафшон миллий табиат боғи директори Обиджон Рустамов. - Ҳудуддаги волерда 32 бош, очиқ табиатда эса "Қизил китоб"га киритилган 125 бош Бухоро хонгули буғулари кўпайтирилмоқда. 2018 йилда волердаги Бухоро буғулари генини янгилаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси “Қуйи Амударё биосфера резервати”дан 2 бош эркак буғу олиб келинди. Боғда 300 га яқин ўсимлик, 200 турдан зиёд, жумладан, Ўзбекистон "Қизил китоби"га киритилган қушларнинг 26 тури ҳамда туяқуш, Америка ламаси, товус, сусарка, оққуш, маймун ва бошқа жонзотлар ҳам бор.
Боғ ҳудуди етти бўлимдан иборат бўлиб, 38 нафар ходим бириктирганмиз. Ҳар бир ҳудудни икки нафардан инспектор назорат қилади. Улар зарур техника, қурол-яроғ ва махсус кийим-бош билан таъминланган. Аммо бу ерда ҳал қилиниши керак бўлган бир қатор муаммолар бор. Жумладан, миллий боғдаги асосий муаммолардан бири сув масаласи. Сув йўқлиги учун ҳудуддаги дарахтлар қуриб қолмоқда. Бунинг устига Зарафшон дарёсидан қум-шағалларнинг қазиб олиниши оқибатида сув сатҳи пасайиб кетган, натижада балиқлар, дарахтлар, ўсимлик ва айрим жонзотлар йўқолиб кетяпти. Шунингдек, боғ аҳоли яшаш жойига жуда яқинлиги учун фуқароларнинг ҳудудга зарари кўп тегяпти. Масалан, биров ўтин ўғирлаш, мол-қўй боқиш, яна кимдир қуш ёки бошқа жонзотни овлаш учун ҳудудга киряпти. Бу муаммоларга барҳам бериш учун ҳеч бўлмаганда ҳар бир бўлимга тўрттадан сув қудуқлари чиқариш, боғга қарашли 47 километр ҳудудни сетка тўсиқлар билан ўраш керак.
Вилоят ҳокимининг 2022 йил 21 декабрдаги “Зарафшон миллий табиат боғи инфратузилмасини тубдан такомиллаштириш мақсадида 2023 йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси”га мувофиқ, М-39 халқаро магистрал йўлидан Зарафшон миллий табиат боғигача бўлган 3,5 километр йўлни асфальт қилиш, боғнинг электр таъминотини яхшилаш, ҳудудга табиий газ тармоғи тортиш, 40 километрга сетка тўсиқлар ўрнатиш, ҳудуд учун зарур жиҳозлар олиш, "Қизил китоб"га киритилган ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ҳайвонларни ҳимоя қилиш мақсадида ҳудудни кенгайтириш ҳамда Зарафшон дарёсида тўғон барпо этиш кўрсатилган. Аммо бу ишлар охиригача етмаган ва айримларига ҳали қўл урилгани йўқ. Хусусан, ҳудудда табиий газ тармоғи ва 1 километрга сетка тўсиқлар тортилган бўлса, электр симларини тортиш ишлари чала қолган, йўлнинг белгиланган қисмига эса умуман асфальт ётқизилмаган.
Миллий боғ директорининг таъкидлашича, 2020-2022 йилларда ҳудудда 72 нафар тадбиркор ноқонуний фаолият олиб борганлиги учун суд қарори билан объектлар бузилиб, тадбиркорлар чиқариб юбориляпти. Шунингдек, боғ ҳудудидан ижарага берилган қишлоқ хўжалик ерларининг шартномаси ҳам бекор қилинмоқда. Бу ишлар тўлиқ якунланса, ҳудудни экотуризм масканига айлантириш режалаштирилган.
Айтиш жоизки, кейинги пайтда миллий боғга маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар оқими кескин камайиб кетган ва бунинг бир нечта сабаблари бор. Биринчидан, М-39 халқаро магистрал йўлидан боғга олиб борувчи қарийб тўрт километр йўл таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Иккинчидан, сайёҳларни кутиб олиш учун алоҳида ташриф маркази йўқ.
Учинчидан, хавфсизлик тизими ва жонзотларнинг сақлов жойи талабга жавоб бермайди. Тўртинчидан, сайёҳларнинг тановул қилиши ва ҳордиқ чиқариши учун махсус жойлар йўқ.
- Ўтган йил боғга 7 мингдан ортиқ маҳаллий ва бор-йўғи 150 нафар хорижлик сайёҳ келди, - дейди Зарафшон миллий табиат боғи туризм мутахассиси Бобошер Мелиев. – Айни пайтда ҳудудда хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар оқимини кўпайтириш, уларни кутиб олиш мақсадида ташриф маркази қурилмоқда. Албатта, бу масканни экотуризмга айлантириш учун етарли эмас. Шу боис ҳудудда зоопарклар, туризм йўлаклари ташкил қилиш, ноқонуний қурилишларни тўлиқ бузиб, ўрнига дарахтлар экиш, сайёҳлар учун махсус жойлар ташкил қилиш, ҳудудда кузатув камералари ўрнатиш бўйича таклифлар масъул ташкилотлар ва вазирликкача юборилган.
Боғ масъуллари ҳудуддаги муаммо ва камчиликлар ҳамда миллий боғни экотуризм масканига айлантириш бўйича ўз таклифларини берган. Лекин бу ишлар амалда қилинадими-йўқми, масъуллар миллий табиат боғига қанчалик эътибор қаратади, бу бизга қоронғу.
Дарвоқе, Зарафшон миллий табиат боғида 2020 йилдан буён ёнғин кузатилади. Жорий йил қишнинг чилласида ҳам боғда яна ёнғин содир бўлди. Ушбу ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ҳақида боғ масъулларидан сўрганимизда тўлиқ маълумот беришни исташмади ва қайсидир фермер атайин қилгани ҳақида айтишди. Яқинда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Илҳом Исмоилов иштирокидаги матбуот анжуманида ҳам миллий боғ ҳудудида содир бўлган ёнғин қасддан амалга оширилгани таъкидланди. Ва ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув ишлари давом этаётгани, жараённи Бош прокуратура назоратга олгани маълум қилинди.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.