Қўриқхонада талабалар учун сайёр дарслар ўтилди
Самарқанд халқаро технология университети профессори Рандей Вернон "Зарафшон" миллий табиат боғида талабалар учун сайёр дарслар ташкил этди.
Бўш вақтлардан унумли фойдаланиш ҳамда табиатга бўлган меҳр ва эътиборни кучайтириш мақсадида ташкил этилган сайёр дарслар университет қошидаги табиат клуби ташаббуси билан ўтказилди.
Мазкур табиатшунослар клуби талабаларга инглиз тилида сабоқ олишдаги кўникмаларини оширишга ёрдам беради. Клуб ўз аъзолари эътиборини дунёдаги экология муаммолари, хусусан, юртимизнинг табиий бойликлари, ҳайвонот дунёсини чуқурроқ ўрганишга қаратади. Шунингдек, атроф-муҳитни озода сақлашга глобал миқёсда эътибор кучайиб бораётганини инобатга олиб, клуб талаба-ёшларни мамлакатимиз табиий ресурсларини ҳимоя қилишга интилиш, шунингдек, энергетика соҳасини ривожлантириш муаммоларини таҳлил этишга ундайди.
Клуб аъзолари табиат журналларини юритади, уларда саёҳатлар давомида кузатишлар, шунингдек, муайян ўсимликлар, ҳайвонлар, яшаш жойлари ва экотизимлар бўйича индивидуал тадқиқотлар олиб боришлари мумкин.
Дилмурод Тўхтаев.