Самарқанднинг энг фаол, ташаббускор аёллари аниқланди
Самарқанд шаҳрида “Йил аёли” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Жамият ҳаётида фаол иштирок этиб, ташаббуси ва ибрати билан ажралиб турувчи хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг тарғиб этиш мақсадида ўтказилаётган танлов йил давомида маълум бир натижаларни қўлга киритган хотин-қизларни жамлади.

Тадбир аввалида вилоят ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зебо Саидова аслида оилада чиройли муҳит яратиб ўтирганлар, ҳунари-ю касби билан рўзғори бутлигига ҳисса қўшаётган аёлларнинг барчаси бугун "Йил аёли" номига муносиб, дея эътироф этди.
Танловнинг қуйи босқичларида иштирок этган 170 нафар аёл орасидан 24 нафари вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Иштирокчилар ўз фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни тақдим этиши баробарида, бу амалларни видеотасвирларда намойиш ҳам этишди.
- Марказимиз яқинда иш фаолиятини бошлаган бўлса-да, бир нечта йирик грантларни қўлга киритдик ва қатор амалий ишларни бошлаб юбордик, - дейди Самарқанд давлат тиббиёт университети қошидаги иммунология, аллергология ва инсон геномикаси илмий-амалий маркази раҳбари, техника фанлари доктори, профессор Дилафрўз Холмуродова. – Марказимизнинг асосий мақсади аҳоли орасида турли хасталиклар, шу жумладан генетик касалликларнинг олдини олиш бўйича тадқиқотлар олиб бориш ва уларни амалиётга татбиқ этишдан иборат. Россия, Хитой, Буюк Британия каби давлатлар билан ҳамкорлик олиб боряпмиз. Жаҳон банкининг грантига бир қатор замонавий лаборатория жиҳозлари олдик, эндиликда бир қатор, айниқса баъзи онкологик хасталикларни энг сўнгги усулда, деярли ўлим ҳолати учрамайдиган тарзда даволашни татбиқ этишга уриняпмиз.

Дилафрўз Холмуродова ушбу йўналишдаги ишлари бир талай, шунинг учун танловда “Йилнинг энг фаол олима аёли” номинациясига муносиб кўрилди. Шунингдек, танловда "Энг яхши ижодкор аёл", "Йилнинг энг илғор тадбиркор аёли", "Йилнинг энг яхши жонкуяр устози", "Йилнинг энг яхши IT дастурчи аёли" каби кўплаб номинациялар ғолиблари аниқланди.