Самарқандда “Илмли аёл – таълим тараққиётининг пойдевори” республика форуми бўлиб ўтди
Самарқанд вилояти педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказида ташкил этилган ушбу тадбирда жамиятимизда фаол бўлган илмли, маърифатли, олима аёллар иштирок этди.
- Тараққийпарвар давлатларда оилани мустаҳкамлаш, ёшларни оилага тайёрлаш борасида илмий изланишлар олиб бориляпти ва амалий ишлар бажариляпти, - деди вилоят ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зебинисо Раҳмонова. – Ўзим ҳам айни кунда оилани мустаҳкамлаш борасида илмий иш қиляпман. Ажримларнинг сабабларини таҳлил қилиб, низоли оилалар билан мунтазам ишлар олиб боряпман.
Тадбирда хотин-қизларнинг жамият тараққиётидаги ўрни, улар томонидан олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар эътироф этилди.
- Агар қизларни ўқитсак, бутун жамиятни ўқитган бўламиз, - деди вилоят педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий маркази директори Аъламжон Ибрагимов. – Оилада аёл китоб ўқиса, фарзандлар ҳам китоб ўқийди. Аёллар нафақат оилада, балки жамият ривожида ҳам ўз таъсир кучига эга. Шунинг учун ҳам ҳар қандай буюк шахс ортида маърифатли аёл бўлгани тан олинган ҳақиқат. Бизнинг жамоамизда фаолият юритадиган аёллар ҳам ўз фаоллиги билан илмий изланишлар олиб бормоқда. Марказимизда 2019 йилда илмий салоҳият 14 фоиз бўлган бўлса, бугунги кунда 45 фоизга кўтарилди.
Форумда аёлларнинг ҳам оила, ҳам мамлакат ривожида жасоратли меҳнати ҳақида илиқ гаплар айтилди.
Самарқанд давлат университети профессори Маҳкамой Турсунова бизга олималик момоларимиздан қолганлигини, олиб бораётган илмий изланишлари натижасида 187 нафар темурий маликанинг номи тикланганини маълум қилди. Шунингдек, тадбирда вилоят педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказида фаолият олиб бораётган олима аёлларнинг илмий фаолияти таништирилди.
Тадбирда бир гуруҳ фаол, илмли, маърифатли аёллар тақдирланди.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.