«Йил аёли» танлови ғолибаси мукофот пулини хайрияга сарфламоқчи

Хабарингиз бор, ўтган йилнинг сўнгги кунларида «Йил аёли» танловида Самарқанд давлат тиббиёт институти оториноларингология кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Маҳзуна Насриддинова биринчи ўринга сазовор бўлиб, 20 миллион сўмлик ваучер билан тақдирланганди. Олима юртимизда қарийб ўрганилмаган мавзуни чуқур ўрганган. Эшитишда нуқсони бор болалар учун доимий равишда кўриклар ўтказиб туради. Ўзи ташкил қилган боғчада – эшитишда нуқсони бўлган болалар, нутқий ривожланишда орқада қолган болалар учун гуруҳ ҳам ташкил этиб, уларга имкон қадар ёрдам беришга бел боғлаган. Доимий равишда хайрия ишларини амалга ошириб туради. Танловда унга мукофот сифатида берилган 20 миллион сўм маблағни ҳам хайрияга сарфлаш ниятида. Олима билан фаолияти ва хайрия мақсадлари ҳақида суҳбат уюштирдик.

- Мукофот пулини хайрияга сарфлайман, деб олдиндан ният қилганмидингиз?

- Танловда пул мукофоти берилишидан хабарим йўқ эди. Мукофот сифатида молиявий рағбат борлигини эшитган заҳотим ўзим доим ҳам тиббий, молиявий кўмак бериб келадиганим - Самарқанд шаҳридаги 61-сон эшитишда нуқсони бор болалар учун мўлжалланган мактаб болалари хаёлимдан ўтди. Уларга қачон, нима керак бўлишини ҳам яхши биламан. Шу маънода бу маблағ улар учун жуда муҳим.

- Ушбу мактаб билан ҳамкорлигингиз қачон ва қай йўсинда бошланган?

- Оториноларинголог мутахассис бўлганим сабабли илмий ишга киришмасимдан аввалоқ мактаб билан ҳамкорликни бошлаганман. Доимий равишда болаларнинг тиббий аҳволи билан танишиб, уларни кўрикдан ўтказардим. Биласизми, кўпинча ота-оналарнинг эътиборсизлиги сабаб баъзи болажонларнинг эшитишдаги нуқсонлари кучайиб боради. Агар ўз вақтида шифокор кўригидан ўтганларида кўпчилигининг эшитиш фаолиятини яхшилаш имкони бўларди. Афсуски, эътиборсизлик туфайли уларнинг баъзилари имконияти чекланган болаларга айланади. Ёки оз бўлса-да гапира оладиган болаларни ҳам ота-оналари ушбу мактабга беришга интилади. Натижада улар гапириш имкониятидан воз кечиб, махсус имо-ишоралар билан гапиришга ўтиб кетади. Бу борада ҳали қилинадиган жиддий ишлар бор, ўйлайманки, босқичма-босқич тарзда амалга оширилади.

- Илмий ишингиз мамлакатимизда жуда кам ўрганилган мавзу эканлигини айтиб ўтдингиз…

- “Инсон бош суягида жойлашган ички қулоқ патологияси” мавзуси нафақат мамлакатимизда, балки дунё миқёсида кам ўрганилган соҳа саналади. Ўзбекистонда эса биринчилардан бўлиб ушбу соҳада илмий ишни амалга оширдим. Россияда оториноларингология марказида икки йил тадқиқот олиб борганимдан сўнг, ишимни мамлакатимизда давом эттирдим. Марказ томонидан стабилометрия аппарати грант сифатида ажратилиб, бош айланиши кузатиладиган беморларда эрта ташхис қўйиш ва даволаш учун қўлланилмоқда.

- Мавзуни янаям оддийроқ тушунтирсангиз…

- Кўпчилик бош айланишини бир хил деб ўйлайди. Аммо улар орасида қулоқ соҳасидаги баъзи нуқсонлар туфайли келиб чиқадиган бош айланиш ҳам мавжуд. Афсуски, шу пайтгача буни аниқлаш учун мутахассис ҳам, зарур технологиялар ҳам йўқ эди. Ҳозир имконият кенг бўлмаса-да, аммо бор. Фақат ўз вақтида мутахассисга мурожаат қилиш лозим. Тўғри, имконият деганим ҳам бир вилоят миқёсида олиб қарайдиган бўлсак, жуда кичкина. Ўз вақтида мутахассислар билан тиббий кўриклар олиб бориш, бош айланиш, қулоғида шовқин бўлган беморларни янаям эрта аниқлаш, имкони борларни ўз вақтида даволаш ишларини амалга ошириш лозим. Инклюзив таълимни жорий қилиш, гапиришда нуқсони бўлса-да нутқий ривожланиши бор, фикрини тушунтира оладиган болаларни оддий мактабларда ўқитиш керак.

- Адашмасам, ўзингиз шу услубни мактабгача таълим тизимида бошладингиз, шундайми?

- Давлат-хусусий шерикчилик асосида боғча ташкил қилганимда, менда муолажа оладиган болаларнинг оналари фарзандларини шу боғчага олишимни илтимос қилиб кела бошлашди. Гарчи, бу тарбиячилар учун мураккаб бўлишини билсам-да, аммо уларни қабул қилдик. Бу қандай натижа беришини ҳозирча билмайман, аммо болаларда яхши ўзгаришларни кузатяпмиз. Тарбиячиларга бу болалар билан мулоқотда нималарга эътибор беришлари ҳақида доимий равишда кўрсатмалар бериб бораман. Ўзим ҳам тиббий жиҳатдан уларнинг аҳволини кузатиб тураман.

Гулруҳ МЎМИНОВА суҳбатлашди.