Самарқанднинг “Йил аёли” аниқланди
Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида Олий Мажлис Сенати ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан ўтказиб келинаётган “Йил аёли” кўрик-танловининг вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган, ҳар жиҳатдан ибратли хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни кенг тарғиб қилиш ва жамоатчиликка етказишни мақсад қилган мазкур танловда вилоятниинг барча шаҳар ва туманларида фаол аёллар иштирок этди.
- Танлов кўлами ўтган йилгидан янада кенгайди, иштирокчи аёллар сони ортди, турли соҳаларда меҳнат қилаётганларнинг танловда қатнашиш учун қизиқиш билдирди, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси раҳбари Зебинисо Раҳмонова. – Хусусан, жорий йилда танловнинг шаҳар, туман босқичларида 450 нафар аёллар ўзаро беллашиб, уларнинг 24 нафари вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Жамият ҳаётида фаол бу аёллар орасида уй бекасидан тортиб, тадбиркорлар, олимлар, ҳунарманд, маҳалла фаоллари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаси вакиллари, ҳарбийлар ҳам бор.
Уч шарт бўйича ўз билим ва тажрибаларини намойиш этган аёллар орасидан "Йил аёли"ни аниқлаш ҳакамлар учун осон кечмади. Чунки иштирокчиларнинг ҳар бири халқаро даражада, қолаверса, республика миқёсида эътироф этилган мутахассислардир.
Якунда 11 нафар нафар иштирокчи танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. "Йилнинг энг ватанпарвар аёли", “Йилнинг энг фаол олима аёли", "Йилнинг энг илғор тадбиркор аёли", "Йилнинг энг яхши ижодкор аёли", "Ўз касбининг устаси бўлган аёл", "Йилнинг энг кучли маънавий-маърифий тарғиботчиси" каби номинациялар бўйича тақдирланган аёллар ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Улар орасида Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш университети профессори, архитектура фанлари доктори Дилшода Султонова, Марказий ҳарбий округ ҳарбий қисм маънавий-маърифий ишлар бўйича маслаҳатчиси, Қуролли кучлар хизматчиси Феруза Очилова, Самарқанд шаҳрилик уй бекаси Мунаввар Бахтиёрова, Пахтачи туманидаги “Мироншоҳ гранд 2020” МЧЖ раҳбари Маҳфуза Қаюмова каби фаол ва ишбилармон аёллар бор.