Самарқанднинг "Йил аёли" ким?
Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида "Йил аёли" республика миллий танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Унда танловнинг шаҳар, туман босқичларида ўрин олган 16 нафар аёл ўзаро беллашди. Иштирокчилар орасида оддий уй бекасидан тортиб, ўз фанини инглиз тилида ўтадиган фан докторлари, 100 дан зиёд иш ўринлари яратган тадбиркорлар бор.
-Танловнинг шаҳар ва туман босқичларида 200 нафарга яқин аёллар иштирок этди, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зебинисо Раҳмонова. - Иштирокчи аёллар ўзаро уч шарт асосида беллашиб, зукколик, билим ва оилавий қадриятлардан намуналар намойиш этдилар.
Танлов натижаларига кўра, биринчи ўрин Тойлоқ туманида истиқомат қилувчи, Самарқанд давлат университети доценти Маҳбуба Эргашевага насиб этди. Иккинчи ўринни пайариқлик тадбиркор Барно Туганова, учинчи ўринни эса Каттақўрғон шаҳар Ермачит маҳалласида ҳоким ёрдамчиси Феруза Раҳимова эгаллади.
Шунингдек, йилнинг энг жонкуяр устози, энг яхши бекаси, тадбиркори, ўз касбининг устаси каби қатор номинациялар ғолибларига ҳам ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.