Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Зиёли дегани фақат гапирадиган одам эмас, жамиятни ўйлантирадиган ва ўзгаришга ундайдиган куч

Жамият тараққиётининг ҳар бир янги босқичи унинг интеллектуал салоҳиятига янгича талаблар қўяди. Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор ташкил этилган “Ўзбекистон зиёлилари кенгаши” ва унинг “Янги Ўзбекистон зиёлилари – миллий юксалиш таянчи” шиори остидаги республика йиғилиши ана шундай талабларни аниқ ифодалаб берди.

Йиғилишдан олдин барча ҳудудларда ўтказилган мулоқотлар ва уларда билдирилган кўплаб таклифлар зиёлилар жамият ҳаётига фаол аралашишга тайёр эканини кўрсатди.

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг йиғилишдаги нутқи кенгаш фаолиятининг ғоявий йўналишини белгилаб берувчи дастурий ҳужжат сифатида баҳоланиши мумкин. “Юртдошларимиз муаммони кўряпти, ечим таклиф қиляпти, масъулиятни зиммасига олишга тайёр. Энди бу жараённи амалий ишга айлантириш вақти келди”. Ушбу жумлада уч босқичли мантиқий занжир кўринади: муаммони кўриш, ечим таклиф қилиш ва масъулиятни зиммага олиш.

Бу занжир зиёлиликнинг замонавий таърифига жуда яқин. Зиёли – нафақат билимли, балки ўз билимини жамият манфаати йўлида амалий натижага айлантира оладиган шахс ҳисобланади. Нутқдаги “энди вақти келди” ибораси нутқнинг баёний босқичдан амалий ҳаракат босқичига ўтаётганини кўрсатади. Бизнингча, бу зиёлиларга ҳам, давлат идораларига ҳам бирдек талаб қўяди. Зиёлилар таклифларини аниқ, асосланган ва амалга ошириш мумкин бўлган шаклда ифодалаши, идоралар эса уларни кўриб чиқиш механизмини яратиши лозим.

Нутқда қарорларнинг аҳоли турмушига таъсирини ҳудудлардаги муаллим, шифокор ва олимлар яхшироқ тушуниши, шу боис жойлардаги фикрларни тинглаш зарурлиги қайд этилган. Бу фикр бошқарув назариясидаги “қайта алоқа” тамойилига мос келади: ҳар қандай қарор самарадорлиги уни амалда ҳис қилган одамларнинг баҳоси орқали аниқланади. Қишлоқ мактабидаги ўқитувчи ёки туман шифохонасидаги шифокор дуч келадиган муаммолар кўпинча статистик ҳисоботларда акс этмайди. Шу боис ҳудудий зиёлиларнинг овозини тизимли равишда эшитиш давлат сиёсати сифатини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Саида Мирзиёева Президентимиз келгуси ўн йилликни миллий юксалиш даври деб эълон қилганини эслатар экан, бу тушунча нафақат иқтисодий кўрсаткичлар, балки инсон қадри, адолат ва билим билан ҳам боғлиқлигини таъкидлади. Бу талқин замонавий ривожланиш назариясидаги муҳим бурилиш билан ҳамоҳанг. ХХ аср охиридан бошлаб жаҳон илмида тараққиёт фақат ялпи ички маҳсулот билан эмас, балки таълим, соғлиқ ва инсон имкониятларининг кенгайиши билан ўлчана бошлади. Инсон тараққиёти индекси ана шу ёндашувнинг амалий ифодасидир. Бу талқиннинг миллий илдизлари ҳам чуқур. ХХ аср бошида Абдулла Авлоний “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарида миллат тараққиётини тарбия ва ахлоқ билан боғлаб, тарбияни “ҳаёт ё мамот” масаласи деб атаган эди. Демак, нутқда зиёлиларнинг миллий юксалишнинг “асосий таянчи” деб эътироф этилиши миллий маърифатпарварлик анъанасининг мантиқий давомидир. Маънавий пойдеворсиз иқтисодий ўсиш барқарор бўлмайди, бундай пойдеворни эса биринчи навбатда зиёлилар қуради.

Нутқдаги энг янги ва диққатга сазовор ғоя – “Ўз” тушунчасидир. Саида Мирзиёеванинг сўзларига кўра, унинг замирида Ўзбекистон, ўзгариш, ўзлик ва масъулият мужассам.

Бизнингча, бу тўрт компонент бир-бирини тўлдирувчи тизимни ташкил этади:

– Ўзбекистон – ғоянинг макони ва умумий мақсади, яъни Ватан манфаати;

– ўзгариш – тараққиёт ва ислоҳотларга очиқлик, замон билан ҳамқадам бўлиш;

– ўзлик – ўзгаришлар жараёнида миллий қадриятлар, тил ва тарихий хотирани сақлаб қолиш;

– масъулият – ҳар бир фуқаронинг Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси.

Бу тизимдаги энг муҳим жиҳат – “ўзгариш” ва “ўзлик” тушунчаларининг ёнма-ён қўйилишидир. Глобаллашув шароитида кўп жамиятлар икки хавф орасида қолади: ўзгаришдан қўрқиб турғунликка берилиш ёки ўзгариш ортидан қувиб ўзликни йўқотиш. “Ўз” ғояси бу икки қутбни мувозанатда тутишга, яъни ўзликни сақлаган ҳолда ўзгаришга интилади. “Масъулият” таркибий қисми эса ғояни қуруқ шиордан амалий фуқаролик муносабатига айлантиради. Шу боис “Ўз” ғоясини кенг илмий муҳокама қилиш, уни таълим мазмуни ва оммавий ахборот воситаларида изчил талқин этиш муҳим вазифа ҳисобланади.

Нутқда етти устувор йўналиш орасидан миллий ўзлик ҳамда она тили масалалари алоҳида ажратиб кўрсатилгани бежиз эмас. Саида Мирзиёева ёшлар чет тилларини мукаммал ўрганиши билан бирга, аввало она тилида чуқур фикрлаши, ўзбек тили эса илм-фан ва технологияларда фаол қўлланиши кераклигини айтди. Бу ёндашув икки муҳим жиҳатни ўз ичига олади. Биринчидан, тил – фақат алоқа воситаси эмас, балки тафаккур шаклидир.

Инсон мураккаб ғояларни энг чуқур даражада ўз она тилида англайди ва ифодалайди. Она тилида теран фикрлай олмаган ёш бошқа тилларни ҳам юзаки эгаллаши мумкин.

Иккинчидан, тил илм, технология ва рақамли маконда қўлланмаса, у аста-секин фақат маиший мулоқот тилига айланиб қолади. Шу маънода, нутқда илгари сурилган бу талаб ўзбек тилининг қўлланиш кўламини кенгайтиришга қаратилган узоқ муддатли устувор вазифадир. Бу ғоянинг тарихий илдизлари ҳам мавжуд, жумладан, Маҳмудхўжа Беҳбудий 1913 йилда “Ойина” журналида эълон қилган “Икки эмас, тўрт тил лозим” мақоласида ёшларни она тили билан бирга бир неча тилни билишга чақирган эди. Бизнингча, бугун бу вазифани амалга ошириш учун замонавий илмий атамашуносликни ривожлантириш, ўзбек тилидаги дарслик ва илмий-оммабоп адабиётни кўпайтириш, сунъий интеллект ва рақамли хизматларда ўзбек тилини қўллаб-қувватлаш каби аниқ чоралар зарур.

Нутқда адабиёт ва санъатда юзлаб маърузалар ўрнини боса оладиган савияли асарларга эҳтиёж борлиги таъкидланди. Бу фикр маънавий-маърифий ишларнинг самарадорлиги ҳақидаги муҳим эътирофдир. Расмий тадбирлар ва маърузалар инсон онгига таъсир қилса, бадиий асар унинг қалбига, ҳис-туйғуларига таъсир қилади. Яхши роман, кучли спектакль ёки таъсирли фильм томошабин ва ўқувчини ўйлашга, ўз ҳаётига бошқача қарашга ундайди. Бу ҳақиқатни миллий адабиётимиз тарихи ҳам тасдиқлайди. Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмаси жаҳолат оқибатлари ҳақида кўплаб ваъзлардан кучлироқ таъсир кўрсатган, Чўлпон эса адабиёт тақдирини миллат тақдири билан бевосита боғлаган. Бироқ бундай асарлар яратилиши учун ижодкорга эркинлик, сифатли танқид муҳити ва бадиий ҳаққонийлик зарур.

Нутқнинг, бизнингча, энг муҳим ва дадил қисми зиёлилар билан ҳамкорлик форматига оиддир. Саида Мирзиёева кенгаш аъзоларидан шунчаки маъқуллашни эмас, балки асосли танқид ва журъатли таклифларни кутаётганини очиқ билдирди ва кенгаш давлат ва жамият ўртасидаги доимий мулоқот майдонига айланиши зарурлигини таъкидлади. Бу эътироф зиёлининг жамиятдаги асл вазифасини тўғри белгилайди. Фақат маъқуллайдиган зиёли давлатга янги билим бермайди, чунки у мавжуд қарорларни такрорлайди холос. Асосли танқид эса камчиликни ўз вақтида аниқлаш, хато қарорларнинг олдини олиш ва муқобил ечим топиш имконини беради. Шу билан бирга “асосли” сўзи алоҳида аҳамиятга эга: танқид ҳиссиётга эмас, далил, таҳлил ва аниқ таклифга таяниши керак. Бундай танқид маданиятини шакллантириш зиёлиларнинг ўз масъулиятидир.

Нутқда кенгаш фаолиятидан учта асосий натижа кутилиши белгиланди: инсон қадри, адолат, тинчлик ва қонун устуворлиги йўлида жамият бирдамлигини кучайтириш, маънавий тараққиётнинг узоқ муддатли йўналишларини илмий таҳлил асосида белгилаб олиш ҳамда зиёлилар илгари сурган таклифларнинг давлат қарорлари қабул қилинишига таъсирини ошириш. Бу уч натижа ўзаро боғлиқ тизимни ташкил этади: биринчиси қадрият асосини, иккинчиси стратегик йўналишни, учинчиси эса амалий механизмни белгилайди. Айниқса, иккинчи натижадаги “илмий таҳлил асосида” ибораси муҳим, чунки маънавият соҳасидаги сиёсат кўпинча умумий чақириқлар билан чекланиб қолади. Уни жамоатчилик фикрини ўрганиш, аниқ кўрсаткичлар ва доимий таҳлил асосида режалаштириш янгича ёндашувдир. Учинчи натижа эса кенгаш самарадорлигини ўлчайдиган асосий мезон бўлиши лозим: қанча таклиф қонун ёки қарорга айлангани кенгаш фаолиятининг энг аниқ баҳосидир.

Саида Мирзиёева нутқини якунловчи фикр бутун нутқнинг моҳиятини ифодалайди. Жумладан, “Миллий юксалишни бизга ҳеч ким тайёр ҳолда бермайди. Уни меҳнатимиз, ақл-заковатимиз ва бирдамлигимиз билан ўзимиз барпо этамиз”. Бу сўзларда “Ўз” ғоясининг яна бир маъноси кўринади: тараққиётни ташқаридан кутмаслик, уни ўз кучи билан қуриш. Бинобарин, нутқда илгари сурилган ғоялар миллий юксалишнинг инсонпарвар талқини, “Ўз” ғоясини илгари суриш, она тилининг қўлланиш кўламини кенгайтириш, санъатнинг тарбиявий кучига таяниш ва асосли танқидга чорлаш – буларнинг барчаси ҳам замонавий илмий ёндашувларга, ҳам миллий маърифатпарварлик анъанасига тўла уйғундир. Нутқнинг қадри унинг амалга оширилиши билан белгиланади. Шу боис кенгаш бир марталик анжуман бўлиб қолмаслиги, зиёлилар таклифлари тизимли равишда кўриб чиқилиши ва уларнинг натижалари жамоатчиликка очиқ эълон қилиниши зарурдир. Зиёлилар зиммасида эса далилга асосланган фикр, масъулиятли танқид ва амалий таклиф билан бу жараённинг фаол иштирокчиси бўлиш вазифаси турибди. Ана шунда миллий юксалиш ҳақиқатан ҳам “меҳнат, ақл-заковат ва бирдамлик” билан барпо этилади.

Бадиа Муҳиддинова,

Самарқанд давлат университети Марказий Осиё халқлари тиллари ва маданияти институти профессори, DSc.