Bizni kuzating

Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш келажакни ҳимоя қилиш дегани

Ҳар бир бола меҳр-муҳаббат, эътибор ва ҳимоя қуршовида улғайишга ҳақли. Унинг қалбида қўрқув эмас, ишонч, кўзларида ёш эмас, қувонч бўлиши керак.

Афсуски, бугунги кунда болаларга нисбатан зўравонликнинг турли шакллари ҳамон долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Шу боис бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нафақат оиланинг, балки бутун жамият ва давлатнинг ҳам бурчидир.

Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш — уларнинг бугунини асраш, эртанги кунига мустаҳкам пойдевор қўйиш демак. Чунки болаликда олинган руҳий жароҳатлар инсоннинг келгуси ҳаётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бола нафақат жисмоний тазйиқдан, балки руҳий босим, камситиш, бепарволик ва зўравонликнинг бошқа кўринишларидан ҳам ҳимояланган бўлиши лозим. Энг муҳими, ҳар бир бола ўз ҳуқуқларини англаши, муаммога дуч келганда ёрдам сўрай олиши ва унинг овози катталар томонидан эшитилишини ҳис этиши зарур.

Шу нуқтаи назардан, яқинда қабул қилинган «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш йўлидаги муҳим қадамдир. Ушбу қонунчилик ташаббуси болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда болага нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатларига бефарқ муносабатда бўлмаслик зарурлигини яна бир бор таъкидлайди. Бу эса бола манфаатларини устувор қўйиш, ҳимояга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқларини амалда таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Бироқ қонуннинг ҳаётдаги самараси фақат ҳуқуқий нормалар билан эмас, балки уларнинг амалда қай даражада бажарилиши билан ҳам белгиланади. Ота-оналар фарзанд тарбиясида меҳр ва масъулиятни устувор билиши, таълим муассасалари болалар учун хавфсиз муҳит яратиши, мутасадди ташкилотлар эса ҳар бир мурожаатга жиддий ёндашиши лозим. Зўравонликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, болаларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва жамиятдаги бефарқликка барҳам бериш ҳам бу борадаги муҳим вазифалардандир.

Хулоса қилиб айтганда, болани ҳимоя қилиш — шунчаки қонуний мажбурият эмас, балки инсонпарварлик ва виждон масаласидир. Ҳар бир боланинг хавфсизлиги, қадр-қиммати ва бахтли келажаги таъминланган жамиятгина тараққиёт сари дадил қадам ташлай олади. Зеро, болаларга бугун кўрсатилган меҳр ва ҳимоя эртага жамиятга ишончли, маънавиятли ва баркамол авлод бўлиб қайтади. Болаларни зўравонликдан асраш орқали биз нафақат уларнинг ҳуқуқларини, балки миллатнинг келажагини ҳам ҳимоя қиламиз.

Холбек Кубаев,
Республика Маънавият ва маърифат маркази Самарқанд вилояти бўлими раҳбари.