«Зарафшон»нинг бугунги (2020 йил 14 март №34) сонида ўқинг
Самарқанд шаҳар Қорасув массивида барпо этилаётган янги шаҳарча фақат кўп қаватли бинолари билан кишини ҳайратлантирадими? 3 гектарлик боғ, фаввора, павильон, савдо дўконлари, замонавий мактаб, давлат боғчаси ва давлат хусусий-шериклик асосида оилавий болалар боғчалари қурилади, ёшлар учун 15 қаватли “IT-PARK” қурилиб, фойдаланишга топширилади, деб эшитгандик. Улар қачон қурилади? Бугунги кунгача 18 та кўп қаватли уй эгаларига берилган. Хўш, қолган уйлар қачон фойдаланишга топширилади? 16, ҳатто 24 қаватли қилиб қурилаётган бу уйлар зилзилага нечоғли бардош беради?
***
Бозорлар аҳоли кайфиятини, турмуш фаровонлигини кўрсатувчи маскан. Бу ердаги савдо маданияти, тозалик ва тартиб байрам арафасида аҳоли кайфиятини белгилайди. Аммо ҳамма бозорларда ҳам тозаликка риоя қилинадими? Сотилаётган маҳсулотлар санитария талабларига жавоб берадими? Ҳануз бозорларнинг асосий кириш қисмидаги хоналар тартибсиз, автомашиналар учун тураргоҳ йўқлиги сабабли бозор олдида тирбандлик кузатилади. Бозорда растадан ташқари ерда савдо қилувчилар, қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг чиқиндиларини йўлакка ташлаш ҳолатлари ҳам киши таъбини хира қилади. Бундай ҳолатлар Каттақўрғон туманидаги “Пайшанба деҳқон бозори”да, санитария талабларига мутлақо жавоб бермайдиган жойда калла-поча сотилаётгани, хароба аҳволдаги бинода хўрандалар овқатланаётгани, айрим расталар атрофида итларнинг юргани Ургут туманида “Деҳқонобод бозори”да кузатилди...
***
Хитойнинг Ухан шаҳрида бошланган коронавирус айни пайтда 100 дан зиёд мамлакатда қайд этилган. Жанубий Корея, Япония, Италия ва Эронда вируснинг авж олиши кузатилмоқда. Охирги маълумотларга кўра, бугунга қадар вирусдан 4,5 мингдан ортиқ киши вафот этди, 68 минг киши касалликни енгди. Ўзбекистонда ушбу вирус қайд этилгани йўқ. Аммо огоҳлик – давр талаби. Шу боис санитария-эпидемиология осойишталик маркази томонидан Самарқанд халқаро аэропорти, Жартепа санитар-назорат пункти орқали ўтаётган барча йўловчилар текширувдан ўтказилмоқда. Шунингдек, марказ томонидан Самарқанд шаҳри йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланадиган ташкилот ва автотранспортларда, Хитой Халқ Республикасидан қайтган 102 нафар фуқароларнинг хонадонларида, таълим муассасаларида дезинфекция ишлари олиб борилди.