«Зарафшон»нинг бугунги (2020 йил 7 март №30-31) сонида ўқинг
«Аёл сиймосида аввало меҳрибон она, мунис опа-сингиллар, жажжи қизларимиз кўз олдимизга келади. Ҳаётимизни опа-сингилларимизнинг оила ва жамиятдаги фаол иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бугун вилоятда саноат, иқтисод, қишлоқ хўжалиги, савдо, халқ таълими, маданият, санъат ва бошқа соҳаларда жами беш минг нафарга яқин аёллар раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига 2 нафар, вилоят кенгашига 22 нафар, туман, шаҳар кенгашларига 130 нафар аёллар депутат бўлиб сайланди. Каттақўрғон шаҳрига Г.Алимованинг ҳоким этиб тайинланиши ҳам жамиятимизда аёлнинг мавқеини кўтаришга қаратилган эътибор натижасидир». Самарқандда фаол хотин-қизлар, фахрий онахонлар, кенг жамоатчилик иштирокида ўтказилган байрам тантанасида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ана шундай илиқ тилакларини билдирди.
***
Бугунги таълим соҳасидаги аҳволимиз қандай? Малакали кадрларнинг жамиятдаги ҳиссаси ва ўрни талабга жавоб берадими? Бугунги кунда мамлакатимизда меҳнатга қобилиятли аҳолининг атиги 35 фоизидан сал ортиқроғини олий маълумотлилар ташкил этишини қониқарли, дейиш мумкинми? Ахир, ривожланган мамлакатларда меҳнатга қобилиятли аҳолининг 80-90 фоизи олий маълумотга эга-ку. Чинакам маърифатли ва маданиятли бўлиш учун интилиб яшаш кундалик ҳаётий эҳтиёжимизга айланиши керак. Лекин амалда шундай бўляптими?
***
Ҳожи Али Ҳаким Термизий «Наврўзнома» асарида ёзишича, Наврўз якшанба кунига тўғри келса, йил неъматларга бой бўлади, тўқлик ҳукм суради. Наврўз душанба куни дохил бўлса, йил давомида тўқлик бўлади, неъматлар мўл, ёмғир кўп ёғади. Ғўза яхши, кунжут, тариқ, қўноқ миёна ўртача бўлади. Бу айём сешанба кунига тўғри келса, кундан кун таомлар сероб бўлиб, маъмурчилик ҳукм суради. Экинлар эрта экилса, мўл ҳосил беради, йил охирида сел кўп, ёмғир кам бўлади. Бу йил Наврўз шанба куни келар экан. Хўш, баҳор айёми ҳафтанинг бу кунида келса, табиатда қандай ўзгаришлар бўлади, деҳқончиликда-чи?