Зўравонлик ёки эркаклар билан ким ишлайди?

Оиласида нотинчликлар кузатилган, зўравонликка учраган аёллар билан ўтказилган учрашувларда аксарият аёллар шу савол билан мурожаат қилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили Отабек Тошниёзов, вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси, Самарқанд шаҳар “Инсон” ижтимоий ҳимоя маркази вакиллари зўравонлик ва турли таҳдидларга учраган хотин-қизлар билан учрашиб, муаммоларини ўрганди. Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази вилоят бўлимидаги шароитлар билан танишар экан, улар билан очиқ мулоқот уюштирди.

- Зўравонликка учраган хотин-қизлар масалаларини ўрганар эканмиз, уларнинг сабаблари турлича эканлиги ва бу масалада бир нечта ташкилотлар ҳамжиҳатликда ишлаши лозимлиги аёнлашади, - дейди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили Отабек Тошниёзов. – Кейинги йилларда ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимининг ташкил этилиши бу масаладаги узоқ йиллик муаммоларни ҳал этди. Хусусан, зўравонлик ёки тазйиққа учраган аёллар ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандларига тезкор ёрдам кўрсатиш мақсадида марказда шошилинч қабул бўлимлари ва махсус бирламчи кўмак хоналари ташкил этилган. Ушбу кўмак марказлари тез тиббий ёрдам, психологик ва ҳуқуқий маслаҳатлар ҳамда ижтимоий хизматлар кўрсатмоқда. Бу ерда зарурат туғилганда жабрланганларга 3 кунгача вақтинчалик бошпана тақдим этилади. Узоқ муддатли ҳимоя лозим бўлса, аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига йўналтирилади. Самарқандда шундай марказдаги аёллар билан суҳбатлашиб, уларнинг муаммоларини ўрганиб, тегишли мутасаддилар билан уларни ҳал этиш бўйича фикрлашдик. Қолаверса, қонунчиликка баъзи масалаларда ўз таклифларимизни киритамиз.

-Турмуш ўртоғимнинг таҳдид, зўравонлиги туфайли бир неча марта турли ташкилотларга мурожаат этишимга тўғри келмоқда, - дейди қўшработлик Н.С. – Ҳимоя ордери ҳам олдим, айни кунларда реабилитация марказида менга турли ёрдамлар кўрсатилди. Шу ерда яшаш имконим бор. Тўғри, бир неча ташкилот вакиллари аҳволимизни ўрганаяпти, бизга ёрдам бермоқчи. Лекин мен бу ерда давомли яшай олмайманку. Яна шу зулмга қайтиб боришимга тўғри келади. Хўш, нега эркаклар билан ҳеч ким шуғулланмайди? Уларни фақат профилактика инспектори билан қўрқитиб бўлмайдику, улар фарзандлари узоқда бўлгани билан бир ой ичида ўзгариб қолмайдику. Мен оиламни асраб қолишни, ажралиб кетмасликни жуда ҳам истайман, лекин маълум муддатлик зулмдан холи бўлишим билан муаммо ечилиб қолмайдику. Кейин қандай йўл тутаман, ахир?

Аёллар орасида худди шундай саволларни кўндаланг қўяётганлар бўлди. Бу бўйича таклиф ва фикрлар инобатга олиниши қайд этилди.

Шу ўринда эслатиш лозим, тазйиқ ёки зўравонлик ҳолатлари бўйича қуйидаги хизматларга мурожаат қилиш мумкин:

  • 102 — ички ишлар органлари,
  • 112 — ягона диспетчерлик хизмати,
  • 1146 — ижтимоий ҳимоя тизимидаги «Ишонч телефони», «Инсон» ижтимоий хизматлари марказлари ва профилактика инспекторлари.

Мурожаатлар 24 соат ичида кўриб чиқилади. Заруратга кўра профилактика инспектори ҳимоя ордерини расмийлаштиради ва аёллар бирламчи кўмак хонасига жойлаштирилади.

Гулруҳ МЎМИНОВА.