Самарқандда дендрология боғи ташкил этилди

Кеча, 1 апрель куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирида иштирок этиб, Миллий дендрология боғини барпо этишга старт берди.

Шу куни республикамизнинг барча ҳудудларида ҳам шундай боғлар ташкил этишга киришилди. Жумладан, Самарқанд шаҳри Хишрав қўрғонида жойлашган Яшил техникум ҳудудидаги 5 гектар майдонда Самарқанд дендрология боғи ташкил қилиниб, вилоят ҳокимлиги ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида 2500 туп кўчат экилди.

- Дендрология боғларининг ташкил этилиши нафақат ҳудудимиз экологиясини яхшилаш, балки аҳолининг экологик маданиятини ошириш ҳамда илмий-амалий база сифатида ҳам хизмат қилади, - дейди вилоят экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси бўлим бошлиғи Суҳроб Аҳмеджонов. - Бу ерда талабалар ва ёш мутахассислар дарахт ва буталарнинг турлари, уларни парваришлаш, иқлим шароитига мослаштириш бўйича амалий кўникмаларга ҳам эга бўлади.

Шу мақсадда бу йил вилоят бўйича баҳорги мавсумда 7 миллион тупга яқин, кузги мавсумда 10 миллион тупдан зиёд, 27 турдаги мевали ва манзарали кўчатлар экиш, шунингдек, йил якунигача вилоятда 23 та яшил боғ барпо этиш режалаштирилган.

Фазлиддин Рўзибоев, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими мутахассиси.