Самарқандда Туркий давлатлар онкологларининг II Конгресси иш бошлади
Ушбу нуфузли анжуманда Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда бошқа қатор хорижий давлатлардан келган 300 нафардан ортиқ етук олимлар, соҳа экспертлари, халқаро ташкилотлар ва етакчи онкология марказлари раҳбарлари, амалиётчи мутахассислар қатнашмоқда.
Тадбир аввалида Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров юртимизга ташриф буюрган Туркия Соғлиқни сақлаш вазири Кемал Мемишоглу билан мулоқот қилди. Мулоқотда юртимизда янги даволаш муассасаларини қуриш, тиббий таълим ва менежментни ривожлантириш, кадрлар малакасини ошириш каби йўналишларда амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ҳақида сўз борди.
Ўзбекистон томони туркиялик экспертлар иштирокида қатор ихтисослаштирилган марказлар ва тиббиёт олий ўқув юртларида ўтказилган маҳорат дарслари самарадорлигини юқори баҳолади. 100 нафардан ортиқ юртимиз тиббиёт ходимларининг Туркияда малака ошириши учун яратилган имкониятлар учун алоҳида миннатдорлик билдирилди.
Шундан сўнг томонлар буйрак ва жигар трансплантацияси каби юқори технологияли операцияларни биргаликда амалга ошириш, тиббий кадрлар тайёрлаш, қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш, шу йил якунига қадар учинчи Ўзбекистон–Туркия тиббиёт форумини ўтказиш юзасидан таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.
- Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг ўзаро ҳамжиҳатлик йўлидаги ташаббуслари тарихий аҳамиятга эга, - деди Конгресснинг очилиш маросимида Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров. - Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёвнинг яқин ва ишончли қўшничилик, умумий қадрият ҳамда манфаатларга таянган ташқи сиёсати натижасида давлатларимиз ўртасидаги алоқалар мутлақо янги босқичга кўтарилмоқда. Бугунги тадбир ҳам ана шундай самарали ҳамкорликнинг амалий тасдиғидир.
Ўзбекистон томони туркий давлатлар билан ҳамкорликда қатор янги ташаббус ва лойиҳаларни амалиётга татбиқ этмоқда. Хусусан, туркиялик экспертлар иштирокида қатор ихтисослаштирилган марказлар ва тиббиёт олий ўқув юртларида маҳорат дарслари ўтказилди, 100 нафардан ортиқ тиббиёт ходимларимиз Туркияда малака ошириш имконига эга бўлишди.
Тошкентда ишга туширилган замонавий Онкология марказида туркиялик мутахассислар иштирокида самарали менежмент тизими жорий этилиб, муассасага қардош мамлакатдан жалб этилган бошқарувчи К.Седат директор этиб тайинланди.
Худди шундай, кейинги йилларда қўшни давлатлар ҳамкорлигида қатор анжуманлар, тажриба алмашинувлар, илмий-амалий конференциялар ўтказилмоқда.
Тадбирнинг расмий очилиш маросимида Туркия Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Кемал Мемишоглу бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этди.
Конгресс доирасида ўпка ва кўкрак бези саратони, гастроинтестинал, гинекологик ҳамда бошқа онкологик касалликлар бўйича илмий сессиялар, маҳорат дарслари ўтказилмоқда.