Самарқандда янги тоннел ишга туширилади

Самарқанд шаҳрида аҳоли учун қулай шароит яратиш ва транспорт оқимини тартибга солиб, тирбандликларни бартараф қилиш мақсадида бунёд этилган яна бир йирик иншоот баҳор шодиёнаси - Наврўз ҳамда Ҳайит байрамлари муносабати билан фойдаланишга топширилмоқда.

Гагарин ва Рудакий кўчалари кесишмасида қурилган транспорт иншоотининг узунлиги 510 метрни, тоннел қисми эса 60 метрни  ташкил этади. “Меъмор Ўткир Човка” МЧЖ қурувчилари барпо этган объект қурилишида лойиҳадаги белгиланган ишлар тўлиқ якунланди. Тоннелнинг ички қисмига икки қават асфальт қопламаси ётқизилиб, объектнинг ички фасад ишлари бажарилди.

Абу Даби жамғармаси маблағлари ҳисобидан қурилган тоннелга ёндош Рудакий кўчасида 2 та ер ости пиёдалар йўлаги ҳам қурилди. Айни вақтда йўл ўтказгич атрофида ободонлаштириш ишлари бажарилмоқда.

- Янги қурилаётган йўл ўтказгич тоннел йўли энига 17 метр бўлиб, транспортлар ҳаракатланиши учун 2 йўналишли 4 қаторли йўлга бўлинади, - дейди қурилиш корхонаси иш бошқарувчиси Шавкат Халилов. - Мазкур объектда 20 та турли махсус ва юк машиналари, 100 нафардан зиёд қурувчилар кечаю-кундуз меҳнат қилишди.

Улар томонидан кунига 100 метрдан зиёд ҳудуд бетонлаштирилиб, минг метр узунликдаги электр энергияси, табиий газ ҳамда ичимлик суви тармоқлари кўчирилди.  Ҳудуддан турли ҳажмдаги канализация ҳамда интернет алоқа тармоқларининг ҳам жойлари ўзгартирилди. Жами 1 километр узунликдаги панжаралар ўрнатилди. Янги ерости йўлакларида пиёдалар учун барча қулайликлар, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар учун шарт-шароитлар яратилган.

- Янги ерости транспорт тоннели ва ерости пиёдалар йўлакларининг  қурилгани, катта чорраҳадаги юзага келаётган тирбандликнинг олдини олади, - дейди оқдарёлик Равшан Эшимов. - Натижада нафақат автомашиналар, балки пиёдаларнинг ҳам ҳаракатланиши учун қулай бўлади.

Қурилишда юртимиз корхоналарида ишлаб чиқарилган ва Россия, Туркия, Хитой каби давлатлардан олиб келинган арматура, темир конструкциялар ва безак учун ишлатиладиган қурилиш маҳсулотларидан фойдаланилди.   

Дилмурод ТЎХТАЕВ,

Ф.РЎЗИБОЕВ (сурат).