Вилоятнинг биринчи раҳбари ҳам суднинг фаолиятига аралашолмайди

Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимовнинг Тойлоқ туманидаги марказий истироҳат боғида бўлиб ўтган сайёр қабулида суд қароридан норози бўлган фуқарога у суд фаолиятига аралашишга ҳақи йўқлигини билдирди.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, барча сайёр қабулларда вилоятдаги ижро ҳокимияти билан бирга ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари – прокурор, ИИБ, адлия бошқармаси бошлиқлари, судлар раислари ҳам иштирок этмоқда. Бу, биринчидан, барча бўғиндаги раҳбарларнинг масъулиятини оширмоқда. Негаки, ҳеч бир мурожаат тингланмасдан қолдирилмаяпти. Шу йўсинда ижро ҳокимияти идораларига ваколатига кирмайдиган масалалар тегишлилиги бўйича судлардан ёки прокуратура органларидан ўрганиб чиқиш сўралмоқда. Ҳа, айнан сўралмоқда.

Буни айрим фуқаролар ўз билганича талқин қилиб, барча масалани фақат Э.Турдимовга билдиришга интилмоқда. Вилоят ҳокимининг вақтини ўғирлаётган, ваколатига кирмайдиган масалада ёрдам сўраётган мурожаатчиларга аниқ жавоб қайтариляпти. Хусусан, суднинг қароридан норози бўлиб келган фуқарога айтилган гап кўпгина «шикоятчилар» учун сабоқ бўлди:

- Бир нарсани ҳамма аниқ билиб олиши керак, - деди вилоят ҳокими. – Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига кўра, судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирор бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Шунга кўра, вилоят ҳокими бўлишимга қарамасдан қонундан ташқари иш юритолмайман. Суд қароридан норози бўлсангиз, юқори турувчи суд идораларига мурожаат қилинг.

Қарийб барча бошқарма ва идораларда «навбатчи» мурожаатчилардан бирига энди унинг аризалари кўриб чиқилмаслиги билдирилди. Отасини боқишга қурби етмаётган мурожаатчи бу хато фикр эканлигини қулоғига «қуйиб» олди.

- Бу қоида бирор бир давлатда бўлмаса керак. Ҳамма билиши шарт: бизда вояга етган фарзандлар кекса ота-оналарига ғамхўрлик қилишга мажбур.

Бу норма Конституция билан мустаҳкамлаб қўйилган.

Сайёр қабул давомида мутасаддиларнинг сансалорлиги туфайли ечилмай келаётган муаммо, туман миқёсида ҳал этишнинг имкони бўлмаган масалалар бўйича тегишли раҳбарларга аниқ топшириқлар берилди. Фуқароларнинг кўплаб мурожаатлари шу ернинг ўзида ҳал этилди. Оилавий шароити оғир, тадбиркорлик қилишга имкони йўқлиги тўғрисида ҳокимга «дарди ҳол» қилган аёл вазият бундай тус олишини кутмагани аниқ. Чунки, вилоят ҳокими уни Марказий банк вилоят бош бошқармаси бошлиғи Қ.Собиров билан юзлаштириб, шундай деди:

- Бу кишига бугун кечгача тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун гаров таъминотисиз 8 фоизли кредит ажратасиз. Шунингдек, уйини таъмирлаб олиши учун истеъмол кредити билан таъминлайсиз.

Қабул сўнгида ҳоким мутасаддилардан рўйхатга олинган мавжуд 216 та мурожаатлар ижроси бўйича аниқ топшириқ берди:

«Бизга қўшимча муддат керак, мурожаатчига тушунтирилди, фалон ташкилотга мурожаат қилсин, деган гап-сўзлар бўлмаслиги керак. Ҳафта якуни билан ҳар бир мурожаат ижроси таҳлил қилинади».

Ўз мухбиримиз.